Ҳиндистоннинг Деҳли шаҳрида газдан заҳарланиш оқибатида 200 нафар ўқувчи қиз жабрланди, деб хабар берди Lenta.ru .
Маҳаллий вақт билан соат 07:30 да Рани Жханси (Rani Jhansi) номли қизлар мактаби ёнида жойлашган контейнер омборхонасида газ сирқиб чиққан. Заҳарланган ўқувчиларда кўнгил айниш, кўз қичишиш аломатлари намоён бўлиб, баъзилари ҳушдан ҳам кетган. Газ чиққан вақтда ўқувчи қизлар синфда, дарсда бўлган.
Деҳли ўт ўчириш хизмати (DFS) зобити Атул Гарг (Atul Garg) воқеа жойида иш олиб борилаётгани ҳақида маълумот берди: “Рани Жханси мактаби ўқувчилари ва ўқитувчилари эвакуация қилиниб, мактаб ҳудуди қуршаб олинди”, деди у.
Бош вазир ўринбосари Маниш Сисодия болаларнинг ҳаёти хавф остида эмаслигини маълум қилди. “Қизлар ва шифокорлар билан гаплашдим, уларнинг аҳволи яхши”, деб ёзди у ўзининг Twitter аккаунтида. NDTV ҳинд телеканали берган хабарга кўра, ўқувчи қизлар пестицид ишлаб чиқаришда қўлланадиган заҳарли модда — хлорметил пиридиндан заҳарланган.