Бирламчи тиббий бўғинда тиббий хизматнинг тезкорлигини таъминлаш ва шу орқали шошилинч ва ихтисослаштирилган тиббий хизматга тушаётган юкламаларни енгиллаштириш мақсадида пойтахтимиздаги жами 60 та шаҳар оилавий поликлиникаларига 60 дона “DAMAS” русумли автомашиналар топширилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Aхборот хизмати хабар берди.
Эндиликда беморларнинг уйига бориб, энг керакли тиббий муолажаларни амалга ошириш, зарур ҳолатларда уларни оилавий поликлиника ёки бошқа тиббиёт муассасасига етказиб бориш каби вазифалар ўз вақтида, кечиктирилмай амалга оширилади. Автомашиналар ўз ҳудуди бўйлаб ҳаракатлангани боис, йўллар тирбандлигидан келиб чиқадиган тез ёрдам биригадаларининг кечикиши каби ҳолатлар олди ҳам олинади.
Бундан ташқари, ҳар бир поликлиникада тез тиббий ёрдам учун ихтисослашган хоналар ташкил этилиб, уларнинг узлуксиз ишловчи телефон рақамлари хонадонларга тарқатилди. Бу эса бирламчи ёрдамдан фойдаланиш имкониятини кенгайтириб, иш самарадорлигини янада оширишга, оилавий поликлиникаларнинг туну кун фаолият юритишига хизмат қилади.
Эътиборли томони, ушбу автоуловлар Президентимизнинг “Шошилинч тиббий ёрдамни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига кўра харид қилиниши белгиланган 1200 та тез тиббий ёрдам автомобиллари ҳисобидан бўлмади.
Пойтахтимиз поликлиникаларига татбиқ этилган мазкур амалиёт келажакда бошқа ҳудудларда ҳам жорий қилиниши белгиланган. Хусусан, яқин кунларда Самарқанд шаҳар оилавий поликлиникаларида ҳам худди шундай “DAMAS” русумли автомашиналар аҳоли хизматига топширилади.
Кузатувлар шуни кўрсатдики, бир кунда мамлакатимиз бўйича тез тиббий хизматга ўрта ҳисобда 18-20 мингчақириқ тушади. Бу эса, бирламчи тиббий бўғин ва шошилинч тиббий хизматни ўзаро яқинлаштириш заруратини юзага келтирди.