АсосийJamiyat

​Наманганда бир кунда турмуш қурган 12 жуфт келин-куёвга Президент совғаси топширилди

'​Наманганда бир кунда турмуш қурган 12 жуфт келин-куёвга Президент совғаси топширилди'ning rasmi

Наманган вилояти Чуст туманидаги “Паризод” тантаналар мажмуасида Тўрақўрғон, Поп, Чуст туманларидан 12 жуфт келин-куёвнинг никоҳ тўйи тантанали нишонланди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

“Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури ижроси доирасида “Президент эътибори – мурувват тадбирларида” шиори остида ўтказилган тантанада Президентимиз раҳнамолигида инсон манфаатларини ҳимоя қилиш, халқимизнинг турмуш фаровонлигини юксалтириш, айниқса, аҳолининг ижтимоий муҳофазага муҳтож қатламини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Мамлакатимизда ишлаб чиқарилган “Captiva” машиналарида келган келин-куёвларни мажмуа хиёбонида тўпланган давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, фахрийлар, ёшлар ва оила қураётганларнинг ота-оналари, қавм-қариндошлари карнай-сурнай садолари остида кутиб олди.

Маҳаллий ҳокимликлар, давлат ва жамоат ташкилотлари кўмагида оила қураётган ёшларга уй-жойларини таъмирлаш, тиббий кўрикдан ўтиш ва никоҳни расмийлаштиришда имтиёзлар берилаётганидан келин-куёвлар ва уларнинг яқинлари ғоят мамнун.

“ Ўғлим Суннатилла отадан етим қолганида 12 ёшда эди”, – дейди чустлик Р.Тўхтаева. – Тақдир экан, 4 болани ўзим катта қилдим. Қийналган вақтларимда қариндош-уруғ, маҳалла-кўй ёрдам берди. Бугун Президентимизнинг ғамхўрлигидан, вилоятимиз раҳбарлари, саховатли ҳомийларнинг меҳр-мурувватидан баҳраманд бўлиб турибмиз. Биринчи ўғлимнинг тўйи бундай катта тантана билан ўтишини орзу ҳам қилмагандим. Давлатимиз раҳбаридан, ҳукуматимиздан, бу хайрли ишга бош қўшган барча саховатли инсонлардан бир умр миннатдорман”.

Тўй маросимида келин-куёвларга янги оиланинг ҳужжати – никоҳ гувоҳномаси, Президентимиз совғаси – мебеллар тўплами ва маиший техника жиҳозлари тантанали равишда топширилди.

Тўйхона пойтахтдан келган таниқли санъаткорлар ва ёш хонандалар ижросидаги куй-қўшиқлар, рақслар билан завқу шавққа тўлди.

Тадбирда Наманган вилояти ҳокими Х.Бозоров сўзга чиқди.

Бошқа янгиликлар