АсосийJamiyat

​Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ташкил этилди

'​Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ташкил этилди 'ning rasmi

Ўзбекистон республикаси президенти Шавкат Мирзиёвнинг фармони ва қарорига кўра, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўрмон хўжалиги бош бошқармаси негизида мустақил Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ташкил этилади. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Ҳудудларда ўрмон фонди ишларини ташкил этиш ва бошқариш самарадорлигини ошириш, жумладан, ўрмонларни кўпайтириш, муҳофаза қилиш ва улардан самарали фойдаланишни такомиллаштириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Ўрмон хўжалиги қўмитаси ҳамда Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Тошкент ва Фарғона вилоятлари ўрмон хўжалиги бошқармаларини ташкил этиш назарда тутилди.

Бундан ташқари, Тошкент вилояти ҳокимлиги ихтиёридаги Угом-Чотқол давлат миллий табиат боғи ва унинг таркибига кирувчи Чотқол давлат биосфера қўриқхонаси, Оҳангарон ва Бурчмулла ўрмон хўжаликлари Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси тасарруфига ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасига илгари юкланган вазифалар билан бир қаторда, янгидан яратилган манзарали ўсимликлар навлари кўчатлари ва экиш материалларини сертификатлаш ва стандартлаштириш, уларни етиштиришни ташкил этиш, қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик маҳсулотларини қайта ишлаш, жумладан, юқори қўшилган қийматли халқ истеъмоли товарлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, ушбу соҳага халқаро молия институтлари грантларини жалб этиш, ўрмон хўжалиги соҳаси ташкилотларини малакали олий, ўрта ва кичик бўғин кадрлари билан таъминлашни такомиллаштириш бўйича ягона тизимни жорий этишга йўналтирилган қўшимча вазифалар юкланмоқда.

Чора-тадбирларни ишлаб чиқишда яқин уч йилда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, асаларичилик, балиқчилик, чорвачилик ҳамда халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқаришни кўпайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Бунда амалга оширилаётган ишларнинг якуний мақсади сифатида давлат ўрмон фонди ерларида, жумладан, дашт ва чўл ҳудудларида янги ўрмонларни барпо этиш, қишлоқ хўжалиги экин ерлари атрофида иҳота ўрмонларини тиклаш, республикамизда экологик муҳитни яхшилаш бўйича амалий база яратиш ишларини амалга ошириш назарда тутилди.

Республикада режали равишда писта плантациялари майдонларини кенгайтириш ҳисобига писта етиштиришни рағбатлантириш, талаб этиладиган миқдорда сифатли писта кўчатларини аҳоли, деҳқон ва фермер хўжаликларига етказиб бериш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Таъкидлаш лозимки, писта етиштиришни кўпайтириш орқали нафақат импортни қисқартириш ва валютани тежашга, шунингдек, аҳолининг писта маҳсулотига бўлган эҳтиёжини қондириш ва пистанинг бозордаги нархини пасайтиришга эришилади.

Бошқа янгиликлар