Шаҳноза беш фарзанднинг онаси. У болаларини оқ ювиб, оқ тараб катта қилмоқда. Турмуш ўртоғининг топганига қаноат қилиб, уй ишлари, болаларининг тарбияси билан банд бўлса-да, юрагида бир орзу билан яшар ва унинг рўёбга чиқишига ишонарди.
Шаҳноза Қаюмованинг оиласи етти йилдан буён Чилонзорда ижара уйда яшаб келаётганди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 12 апрель куни Чилонзор туманига ташрифи Шаҳноза ва унинг турмуш ўртоғи Ғанишер учун бир олам қувонч олиб келди.
Давлатимиз раҳбари шу куни туманнинг Яккатут ва Катта Хирмонтепа маҳаллалари аҳолиси билан мулоқотда бўлди ва уларнинг яшаш шароити билан қизиқди.
“Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг маҳалламизга келгани кўнглимизни тоғдек кўтарди. У кишининг аҳоли билан мулоқоти ҳар биримизга руҳий мадад, ишонч ва кўтаринки кайфият бахш этди. Айниқса, бу учрашув бизнинг оиламиз учун бир умрга унутилмас воқеа бўлиб қолади. Президентимиз билан суҳбатда бошпанамиз йўқлигини айтдик. Юртбошимизнинг ташрифидан йигирма кун ўтгач, Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори билан Олмазор тумани Шифокорлар шаҳарчасидан бизга беш хонали хонадон ажратилди. Бу хушхабарни эшитган фарзандларим ва яқинларимнинг қувончини кўрсангиз эди. Президентимизга оиламиз билан бир умр таъзимдамиз”, – дейди Ш.Қаюмова.