АсосийJamiyat

​Фармон: Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш тизими тубдан такомиллаштирилади

'​Фармон: Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш тизими тубдан такомиллаштирилади'ning rasmi

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Фармони имзоланди.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ, шунингдек, электр ва газ таъминоти соҳасида бошқарув тизимини, назорат ва ҳисобга олиш механизмларини янада такомиллаштириш, тўлов интизомини мустаҳкамлаш, жавобгарликни кучайтириш, ижро иши юритишнинг самарадорлигини тубдан ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузурида Мажбурий ижро бюроси ташкил этилди.

Бюро энергия ресурслари учун тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ундирилишига, электр ва газ тақсимлаш тармоқларига ноқонуний уланиш ҳамда талон-торож қилиш ҳолатларини аниқлаш, бартараф этиш ва олдини олишга, шунингдек, суд ҳужжатларининг сўзсиз ижросини таъминлашга масъул саналади.

Энергия ресурсларини етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасидаги вазифаларни амалга оширишда Мажбурий ижро бюросига қуйидаги ваколатлар берилди:

– энергия ресурслари етказиб берилиши ва истеъмолини ҳисобга олишнинг тўлиқлиги ҳамда ҳаққонийлиги, улар учун ҳисоб-китобларнинг ўз вақтида амалга оширилиши юзасидан текширишлар ўтказиш;

– етказиб берилган энергия ресурслари учун қарздорликни истеъмолчилар – юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг банк ҳисобрақамларидан сўзсиз ундириш;

– етказиб берилган энергия ресурслари учун энг кам ойлик иш ҳақининг икки бараваридан кўп бўлмаган миқдордаги қарздорликни истеъмолчиларнинг иш ҳақидан ушлаб қолиш тўғрисида иш берувчиларга талабномалар юбориш;

– энергия ресурсларини етказиб бериш ва фойдаланиш соҳасидаги қоидаларни бузганлик учун юридик шахсларга белгиланган тартибда молиявий жарима қўллаш;

– ҳисоб-китоблар ўз вақтида амалга оширилмаган ҳолларда, истеъмолчиларни электр ва газ тармоқларидан узиш;

– энергия ресурсларидан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун айбдор шахсларни жавобгарликка тортиш.

Суд департаменти тугатилди, “Ўзбекэнерго” ва “Ўзтрансгаз” компанияларининг истеъмолчилар билан ишлаш бўйича электромонтёр ҳамда табиий газни ҳисобга олиш ва реализация қилиш бўйича назоратчи штат бирликлари қисқартирилди.

Мажбурий ижро бюросининг давлат ижрочиларига – суд ҳужжатлари ва бошқа органларнинг ҳужжатлари ижросини, давлат инспекторларига эса – етказиб берилган энергия ресурслари учун тўловларни ўз вақтида ва тўлиқ ундиришни амалга ошириш юклатилади.

“Ўзбекэнерго” ва “Ўзтрансгаз” компанияларида тузилган шартномаларга асосан истеъмолчиларни энергия ресурслари билан таъминлаш, электр ва газ тақсимлаш тармоқларига техник хизмат кўрсатиш вазифа ҳамда функциялари сақланиб қолмоқда.

Фармон билан ўзаро ҳисоб-китобларни амалга ошириш, шунингдек, энергия ресурслари учун қарздорлик мавжуд бўлганда истеъмолчиларни тармоқдан узиш тартиби аниқлаштирилди. Унга мувофиқ, 2017 йил 1 июлдан бошлаб истеъмолчи – жисмоний шахслар ҳар ойнинг 10 санасига қадар ўтган ойда фойдаланилган энергия ресурслари учун тўлиқ ҳисоб-китоб қилишлари шарт.

Юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларга энергия ресурслари олдиндан 100 фоизлик ҳақ тўлаш асосида етказиб берилади.

Тўловлар ўз вақтида амалга оширилмаган тақдирда, истеъмолчилар тармоқдан мажбурий узилади, бунда қайта улаш учун жисмоний шахслардан энг кам ойлик иш ҳақининг икки баробари, юридик шахслардан энг кам ойлик иш ҳақининг ўн баробари миқдорида тўлов ундирилади.

Бундан ташқари, Фармонда электр энергияси ва табиий газдан фойдаланишни ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини ҳамда бошқа замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар назарда тутилди.

Фармонда белгиланган чора-тадбирларнинг самарали амалга оширилиши – электр энергетика ва газ тармоқларини модернизация қилишга, истеъмолчиларни энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлашга, мамлакат иқтисодиётини, шу жумладан, тадбиркорлик фаолиятини жадал ривожлантиришга, суд қарорлари ижросининг самарадорлигини, аҳолининг турмуш даражаси ва фаровонлигини оширишга ҳамда жамиятда қонунийликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Қарорнинг тўлиқ матни ва унга ёзилган шарҳ билан ЎзАда танишиш мумкин.

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар