Германиянинг Виттенберг шаҳри марказидаги черковлардан бирида руҳоний-андроид ўз иш фаолиятини бошлади, деб хабар берди Vesti.ru нашри.
Темирқўлли, бурнига лампочка ўрнатилган, қорнида дисплейи бўлган квадрат робот черковга ташриф буюрган одамларни дуо қилади.
У дуо қилишдан илгари ташриф буюрувчидан аёл ёки эркак овозида дуо эшитишни хоҳлашини сўрайди. Черковга келувчиларнинг талабларига биноан андроид дуони қоғозга чоп этиб бериши ҳам мумкин.
Лютеран черкови вакили Себастиан фон Гереннинг маълумот беришича, ташриф буюрувчиларнинг баъзилари буни инқилобий ҳолат, деб қабул қилган бўлса, баъзилари қандай қилиб, робот одамни дуо қилиши мумкинлигини тушунмаган. Иккинчи томондан робот ҳақида эшитган, илгари черковга келмаган одамлар ҳам уни бир кўриш мақсадида черковга серқатнов бўлиб қолди.
Шунга қарамай, фон Герен робот тирик руҳонийнинг ўрнини босишига қарши, у бундай ҳол юз бермаслигини таъкидлади.