2 июнь куни Россия Федерациясининг А.Н.Бакулев номидаги юрак-қон томир хирургияси маркази директори, академик Л.А.Бокерия юртимизга ташриф буюрди.
Ташриф давомида Республика ихтисослаштирилган кардиология марказининг Хоразм филиалида бўлиб, ўзбекистонлик шифокорлар фаолияти билан яқиндан танишади, дея хабар беради ЎзР ССВ ахборот хизмати.
Мазкур шифохонада аҳолига малакали даволаш ва профилактика хизматлари кўрсатиб келинмоқда. Кардиология, кардиореабилитация, кардиохирургия, интервенцион кардиология ва физиотерапия бўлимлари, поликлиника халқимиз хизматида.
Бугун фақат Хоразм вилояти аҳолисига хизмат кўрсатаётган филиал шифокорлари томонидан йилигаюздан ортиқ кардиохирургик амалиётлар ўтказилаётган бўлса, минтақавий шифохона мақомини олгач, бу кўрсаткич 3-4 баробар ошиши кутилмоқда.
Жорий йилдан Республика ихтисослаштирилган кардиология марказининг Хоразм филиалига ангиография тиббиёт ускунаси ўрнатилди. Ушбу замонавий аппарат юрак ҳолатини чуқур ўрганиш баробарида, ўпка артерияси босимини ҳам мукаммал таҳлил қилиш имконини беради. Бу билан кардиожарроҳликда энг мураккаб амалиёт ҳисобланадиган қон томирларини стентлаш жарроҳлик амалиёти, аорта коронар шунтлаш амалиёти ўтказиш учун зарур шароитлар яратилди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, дунёда ҳар минг чақалоқнинг 6-7 нафарида туғма юрак нуқсони қайд этилади. Ваҳоланки, бу хасталикни операция йўли билан бутунлай бартараф этиш ва беморни тўлақонли ҳаётга қайтариш мумкин. Лекин бундай жарроҳлик амалиётини ўтказиш учун барча клиникаларда ҳам етарли шароит мавжуд эмас.
Шу вақтгача Республика ихтисослаштирилган кардиология марказининг Хоразм филиалида вазни 10 килограммдан кам бўлган чақалоқларда кардиожарроҳлик амалиёти ўтказилмаган. Аммо бундай оғир хасталикка чалинган болалар қанча эрта даволанса, касалликни асоратсиз бартараф этиш шунчалик самарали бўлади. Жаҳонга машҳур илмий-амалий марказ филиали Хоразмда иш бошлаши хорижлик ҳамкасблар билан бирга шу ернинг ўзида бир ёшгача бўлган болаларда ҳам муракаб юрак жарроҳлигини амалга ошириш имкониятини беради.
Академик Л.А.Бокериянинг юртимизга ташрифи давомида мамлакатимиз кардиожарроҳлари учун маҳорат дарслари ва кардиожарроҳликнинг долзарб масалаларига бағишланган суҳбатлар ҳам ташкил этилди.
Россия Федерацияси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Бош кардиохирурги Л.А.Бокерия юртимиз мутахассислари билан ҳамкорликда Хоразм вилоятида юрак-қон томир касалликларининг оғир асоратли турлари билан оғриган беморларда жарроҳлик муолажаларини ўтказади.
Ушбу жараён беморларга саломатлигини тиклаш учун катта имконият яратган бўлса, мамлакатимиз кардиожарроҳлари учун мастер-класс ҳам бўлади.
Россия Федерациясининг А.Бакулев номидаги юрак-қон томир жарроҳлиги илмий-амалий маркази билан ўрнатиладиган ҳамкорлик доирасида маҳаллий шифокорлар россиялик ҳамкасблари билан мунтазам тажриба алмашиш имкониятига эга бўлмоқда. Бу эса аҳоли саломатлигини янада мустаҳкамлашга, маҳаллий мутахассисларнинг юқори технологияга асосланган энг мураккаб кардиохирургик амалиётларни муваффақиятли ўтказишдаги тажрибаларини янада бойитишга хизмат қилади.
Эслатиб ўтамиз, Россия Федерацияси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Бош кардиохирурги Л.А.Бокерия шу йилнинг 4 июнига қадар Хоразм вилоятида бўлади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида Хоразм вилоятида бўлганда, Республика ихтисослаштирилган кардиология марказининг Хоразм филиали фаолияти билан яқиндан танишган эди.
Давлатимиз раҳбари беморлар ҳолидан хабар олиб, филиал фаолиятини янада яхшилаш бўйича фикрлар билдириб, шифохона негизида Россия Федерациясининг А.Бакулев номидаги юрак-қон томир жарроҳлиги илмий-амалий маркази филиалини ташкил этиш бўйича топшириқлар берган эди. Мазкур шифохона келажакда Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро вилоятлари аҳолиси учун минтақавий марказ бўлиши кўзда тутилган.