Эрон тарихида илк бора худкуш-аёл иштирокидаги иккита теракт содир бўлди, деб хабар берди Ntv.ru нашри.
Портлаш оқибатида 13 киши ҳалок бўлди, 43 киши яраланди. Эроннинг сиёсий зиёратгоҳи бўлмиш Ислом инқилоби етакчиси Айтулло Ҳомейнийнинг мақбараси олдида бир неча дақиқа фарқ билан икки марта портлаш бўлди. Полиция берган маълумотга кўра, одамлар нима воқеа рўй берганини дарров англамаган. Портлаш ва отишма овозларидан кейин одамлар саросимага тушган. Аёллар либосини кийган террорчилар парламент биносига ҳужум қилган. Бинодагилар нима воқеа рўй берганини тушунганда, кеч бўлганди. Ичкарига бостириб кирган жангарилар йўлда учраган одамни ўққа тутган. Уларнинг қўлида Калашников автоматлари ва тўппончалар бўлган. Шу билан бирга имом Ҳомейнийнинг мақбарасига ҳам ҳужум қилинган. Аввал одамлар ўққа тутилган, кейин худкуш аёл белидаги ажал камарини ишга туширган. Мақбара олдига қўйилган яна бир бомба зарарсизлантириб, учинчи терактнинг олдини олинди.
Теҳрон мазкур терактни амалга оширишда АҚШ ва Саудия Арабистонининг қўли бор, деб ҳисобламоқда.
Чунки АҚШ президенти Дональд Трамп ва Саудия Арабистони раҳбарининг учрашувидан роппа-роса бир ҳафта ўтгач, теракт содир бўлган. Эрон ҳукуматининг фикрича, улар террорчиларни қўллаб-қувватлаган. Аммо мазкур теракт масъулиятини “Ислом давлати” террорчилик гуруҳи ўз бўйнига олди. Эрон хавфсизлик кенгаши фавқулодда равишда йиғилиш ўтказиб, нафақат террорчилардан, балки уларни қўллаб-қувватлаётганлардан ҳам ўч олишга ваъда берди.