Актёр Йигитали Мамажонов унаштирилгани ҳақида хабар берган эдик.
“Дарё” нашри актёр билан интервью уюштирди. Суҳбат давомида актёр кўнглидаги қизни топгани, унинг шоу-бизнесга умуман алоқаси йўқлиги, яқин вақт ичида у билан турмуш қуриш ниятида эканлигини маълум қилди.
“Менимча, эркак киши уйланмасдан юрса бўлмайди. Менга ёқадиган, ҳар томонлама тўғри келадиган, кўнглимдаги қизни топдим.
Худойим бизни учратди — ҳозир биргамиз. Худо хоҳласа, тўйимиз ҳам яқин вақт ичида бўлиб ўтади.
Севган қизимнинг шоу-бизнесга умуман алоқаси йўқ. Уни қаерда истиқомат қилишини айта олмайман, аммо — Ўзбекистондан эмас”,—дейди Йигитали.
Актёр бўлажак турмуш ўртоғи билан қандай танишгани ҳақида алоҳида тўхталди:
“Қадрдонлар билан оилавий ўтирган вақтимиз улар ҳам оилавий ҳордиқ чиқаришаётган экан. Иккита оила бир-бири билан яқин бўлиб, танишиб қолиб, кўнглимга ўтирганлиги учун, менинг принципларим, хоҳишларим у инсонда намоён бўлганлиги учун ҳам айнан уни танладим. Талабларимга тўғри келадиган ва талабларимни рўёбга чиқарадиган инсон айнан у бўлиб чиқди”.
Эслатиб ўтамиз, актёр Йигитали Мамажонов 2012 йил ноябрида таниқли хонанда, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Райҳон билан турмуш қурган эди.
2014 йил май ойида Йигитали ва Райҳон эгизак фарзандли бўлган. Улар фарзандларига Ислом ва Имрон деб исм қўйган эди.
2015 йил 9 январида эса Райҳон ажрашиш учун ариза бергани, 2016 йил май ойида уларнинг никоҳи расман бекор қилингани маълум бўлган эди.
2016 йилнинг ноябрида хонанда Райҳон иккинчи марта оила қурди — у таниқли бошловчи Фарҳод Алимовга турмушга чиқди.