Таиланднинг жанубида жойлашган Паттани вилоятида ҳарбийлар ўтирган автомобиль портлади, деб хабар берди Ntv.ru нашри.
Портлаш оқибатида беш нафар ҳарбий ҳалок бўлди, тўрт нафари яраланди.
Маҳаллий полиция берган хабарга кўра, йўл ёқасига портловчи модда қўйилган. Бомба маҳаллий вақт билан соат 11:45 да портлаган. Портлаган автомобилда Таиланд қуруқликдаги қўшинларининг ҳарбий хизматчилари бўлган.
Дастлабки тахминларга кўра, ҳужумни мазкур ҳуддудда фаолият олиб борувчи ислом сепаратчилари амалга оширган. Таиланднинг жанубидаги Паттани, Яла ва Наратхиват вилоятларида хавфсизликнинг махсус тартиби жорий қилинди. Сепаратчилар ҳудудда мустақил султонлик тузиш учун 11 йилдан бери ҳукумат билан партизанлар урушини олиб бормоқда.