АсосийDunyo

​Лондондаги ёнғинда ҳалок бўлган италиялик жуфтлик ўлими олдидан ота-онаси билан видолашди

'​Лондондаги ёнғинда ҳалок бўлган италиялик жуфтлик ўлими олдидан ота-онаси билан видолашди 'ning rasmi

14 июнь куни Лондон шаҳридаги 24-қаватли уйда чиққан ёнғин туфайли италиялик эр-хотин Глория Трезиван ва Марко Готтардилар ҳам ҳалок бўлди, деб хабар берди Tengrinews.kz нашри.

Италия ОАВларининг маълумот беришича, Глория ўлими муқаррарлигини сезиб, ватанига — онасига қўнғироқ қилган. Қизнинг сўнгги видолашув сўзларини оиланинг адвокати маълум қилди. “Алвидо, онажон! Мен учун нимаики қилган бўлсангиз, барчаси учун раҳмат айтаман. Сизга энди самодан туриб ёрдам бераман”, деди Глория.

Глория ва Марко осмонўпар бинонинг 23-қаватида яшаган. Улар Буюк Британияда архитекор бўлиб ишлашган ва мамлакатга келганларига атиги бир неча ой бўлган. Глория ўтган йили ўқишни тамомлаган. 14 июндаги ёнғиндан кейин улар бедарак йўқолган, деб ҳисобланган эди. Кейинчалик уларнинг ҳалок бўлгани маълум бўлди.

Адвокатнинг айтишича, Глориянинг ота-онаси қашшоқликда кун кечирган. Улар бир неча ой илгари уйларидан айрилгани боис, Глория ота-онасига ёрдам бериш мақсадида Лондонга келган, у Италияда карьера қилолмаган.

“Улар ўз ҳаётларидан жуда мамнун эди. Май ойида Лондонга, ёшларнинг уйига меҳмонга келгандик. Квартира жуда ҳам шинам ва замонавий, яқинда таъмирдан чиққанди. Ўшанда мазкур квартира уларнинг ҳаётига хавф солиши мумкинлиги хаёлимга ҳам келмаган эди. Сўнгги дақиқаларга қадар ўт ўчирувчилар уларни қутқаришига ишонгандик”, - деди Марконинг отаси Жанино Готтарди италиялик журналистларга.

Унинг айтишича, ёнғин пайтида ўғли у билан мунтазам алоқада бўлган, ховлиқмай, хотиржам оҳангда уларни тинчлантиришга ҳаракат қилган. Квартирани батамом қора тутун қоплагандан кейин алоқа узилган. Ёнғин пайтида бино ичида 600 нафарга яқин одам бўлиб, уларнинг асосий қисми Африка ва Яқин Шарқ фуқаролари бўлган. Фожиа оқибатидан 70 киши ҳалок бўлди. Маълум бўлишича, бинонинг таъмирлаш ишлари билан шуғулланган компания энг арзон ва тез ёнувчи қурилиш материалларидан фойдаланган.

Бошқа янгиликлар