АсосийJamiyat

​«Ҳаж» ва «Умра» сафари учун тўлов миқдори онлайн эълон қилинади

'​«Ҳаж» ва «Умра» сафари учун тўлов миқдори онлайн эълон қилинади'ning rasmi

«Ҳаж» ва «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ маълумотлар (фуқароларнинг ҳаж ва умра сафарларига навбати, сафар учун ажратилган ўринлар, тўловларнинг миқдори ва бошқалар) мунтазам равишда Ўзбекистон мусулмонлари идораси расмий веб-сайтида эълон қилиб борилади.

Бу ҳақда “Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамасининг Қарорида белгилаб қўйилди.

Шунингдек ҳужжатда туман (шаҳар)лар ҳокимликлари ҳузуридаги ҳар йилги «Ҳаж» ва «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича ташкилий гуруҳлар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан тақдим этилган зиёратчиларнинг рўйхати асосида уларни «Ҳаж» ва «Умра» тадбирларига борадиган зиёратчиларнинг ягона онлайн навбат тизимида рўйхатдан ўтказиб боришлари белгиланди.

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпаниясига авиақатновларида фуқароларнинг «Ҳаж» ва «Умра» тадбирларига бориш-келишлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш, мазкур тадбирлар учун авиачипталар нархини арзонлаштириш чораларини кўриш топширилди.

Қарорда келтирилишича, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва унинг Қорақалпоғистон Республикасидаги қозиёти ҳамда вилоятлар ва Тошкент шаҳри вакиллиги томонидан банкларда «Ҳаж» ва «Умра» тадбирлари учун зиёратчилардан йиғиладиган маблағларнинг мақсадли ишлатилишини таъминлаш мақсадида махсус ҳисобварақлар очилади.

Зиёратчилардан олинадиган тўловлар белгиланган «Ҳаж» ва «Умра» мавсумидан камида икки ой олдин, бир йўла умумий суммани тўлиғича тўлаш йўли билан нақд пул ёки нақд пулсиз тартибда амалга оширилади.

Тўловлар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида очилган махсус ҳисобварақлар очилган банкнинг барча ҳудудий филиалларида амалга оширилиши мумкин.

Тўловлар Ҳайъатнинг ишчи органи томонидан очилган махсус ҳисобварақда тўпланади ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг махсус ҳисобварағига ўтказилади.

«Ҳаж» ва «Умра» тадбирлари билан боғлиқ барча сарф-харажатлар ҳар бир зиёратчи учун сафар харажатлари сметаси асосида Ўзбекистон мусулмонлари идораси махсус ҳисобварағига йиғилган маблағлар ҳисобидан қопланади.

«Ҳаж» ва «Умра» тадбирлари учун тўловни амалга оширган, бироқ маълум сабабларга кўра мазкур тадбирларга бора олмаган ёки бора олмайдиган фуқарога шахсан ўзининг аризаси ёки унинг номидан ишончномага асосан ҳаракат қилаётган шахснинг аризасига мувофиқ тўланган тўловлар тўлалигича ариза тақдим этилган пайтдан бошлаб ўн иш кунида фуқаро (ишончли вакил) томонидан тақдим этилган махсус ҳисобвараққа ўтказиб берилади.

Фуқаронинг вафот этиши муносабати билан «Ҳаж» ва «Умра» тадбирларига бориш учун тўланган тўловлар вафот этган фуқаро қонуний меросхўрининг аризасига асосан меросхўр тақдим қилган махсус ҳисобвараққа ўтказиб берилади.

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар