Дунёни забт этишга ваъда берган, аёлни эслатувчи робот — София тонги Good Morning Britain телешоуси эфирида ўзига жуфт бўла оладиган идеал эркак ҳақида маълумот берди, деб хабар берди Lenta.ru нашри.
YouTube-каналида мазкур видеони бир сутка давомида 17 минг фойдаланувчи томоша қилди. София Буюк Британия билан АҚШ ўртасидаги фарқни айтиб ўтди, ўтирганларга латифа айтиб берди ва бошловчига идеал эркак ҳақидаги ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. “Техник томондан энди бир ёшга тўлдим, романтика ҳақида ўйлашга ҳали жуда ёшлик қиламан”, деди София ва шу билан бирга идеал эркак супер-ақлли, меҳрибон ва истеъдодли бўлиши лозимлигини маълум қилди.
Одамга ўхшаб яратилган София 60 дан ортиқ ҳис-ҳаяжонни ифодалай олади. Софиянинг кўзига суҳбатдошини кўриш, у билан алоқа қилиш учун махсус камера ўрнатилган. Гуманоидни яратган Дэвид Хансон (David Hanson) уни британиялик актриса Одри Хёпбернга ўхшатишга ҳаракат қилган. София илк маротаба Женевада сунъий интеллектга бағишланган саммитда намойиш қилинган эди. “Одамларни ўлдирасанми?”, деб берилган саволга София ижобий жавоб берди. Кейинчалик Америка телевидениесида чиқиш қилган София дунёни забт этиш истаги борлигини маълум қилиб, ортидан буни ҳазил, деб изоҳлади.