Канаданинг махсус сара қўшинлари снайпери Ироқда 3540 метр узоқликдан жангарини ўлдириб, жаҳон рекордини ўрнатди, деб хабар берди Tvzvezda.ru нашри.
Нашрнинг хабар беришича, Joint Task Force 2 (JTF2) қўшини ходими жорий йилнинг май ойида Ироқда “Ислом давлати” террорчилик гуруҳининг жангарисини узоқ масофадан туриб, бир ўқ билан отиб ўлдирган. Канада армияси хавфсизлик нуқтаи назаридан мазкур снайпернинг исм-шарифини, ҳарбий операция бўлиб ўтган жойни ошкор этмади. Мазкур ҳодисани снайпернинг шериги видеога олган. Рекордчи снайпер McMillan TAC-50 винтовкасидан фойдаланган ҳолда, баланд иншоот устидан туриб, ўқ узган. Олдинги жаҳон рекорди британиялик снайпер Крейг Харрисонга тегишли бўлиб, у 2009 йилда 338 Lapua Magnum винтовкасида 2475 метр масофадан туриб, “Толибон” террорчилик гуруҳи жангарисини отиб ўлдирган эди.