Ўзбек киноси дурдоналаридан бири “Суюнчи” фильмини неча маротаба томоша қилмайлик, ҳар сафар биринчи бор кўраётгандек завқланамиз. Ўзбекнинг феъл-атвори, дунёқараши, урф-одатлари, анъаналари, оиланинг муқаддаслиги ва қўни-қўшниларнинг ҳамжиҳатлигини кўрсатиб берадиган бу фильм барчамиз учун севимли. Режиссёр Мелис Абзалов ҳар бир қаҳрамонга алоҳида ёндашиб, характер бериб професионал даражада суратга олгани эса таҳсинга лойиқ. Фильмнинг бош қаҳрамонлари билан бирга эпизод ролларни ижро этган актёрлар ҳам томошабинга қадрдон бўлиб қолгани гапимизга исбот бўла олади. 35 йил аввал суратга олинган “Суюнчи” фильмининг энг эсда қоларли образларидан бири — Назира эканига шак-шубҳа йўқ. Биргина қараш, ҳаракат ва гап-сўзлари билан ёдимизда қолган қаҳрамонни гавдалантирган, бугунги кунда бошқа қитъада яшайдиган Шаҳноза Шамсиева (Ҳамроева) билан интернет орқали боғланиб суҳбатлашишга муваффақ бўлдик. 17 ёшида бутун Ўзбекистонга танилган, кейинчалик шифокорлик соҳасини танлаган Шаҳноза Шамсиева айни кунда Африка жанубидаги Замбия Республикасида яшайди.
— Шаҳноза опа, жуда узоқларга кетиб қолган экансиз, сизни 5-6 йилдан буён қидирамиз...
— Мендан интервью олмоқчи эканингизни айтиб, интернетдан хабар ёзганингизда, жуда хурсанд бўлдим. Орадан чорак асрдан кўп вақт ўтган бўлса-да, мени унутишмаганидан хурсанд бўлдим, ҳайратландим.
Орадан шунча вақт ўтиб, мени яна “юлдуз” қилар экансиз-да?
—Ҳа, дунёга тарқаб кетган “юлдуз”ларимизни излаб топишни яхши кўрамиз.
—Тўғрисини айтсам, Ўзбекистондан қўнғироқ қилишса ёки у ердаги яқинларим билан интернет орқали гаплашсам ичимдаги соғинч икки карра ошиб кетади. Сиз эса мендан интервью оляпсиз, демак, бутун ўзбекистонликлар бу суҳбатни ўқишади... Ҳаяжон ҳам шунга яраша.
— Мухлисларга Назира орқали танилгансиз. Орада ўтган йиллар нималарни ўзгартирди?
— (Ўйланиб) Ички оламимда деярли ҳеч нарса ўзгармаган. Ўша-ўшаман. Яхшига яхши, ёмонга эса ёмон (кулиб). Одамлар, Назирани кўриб, қайсар, шарттаки, тилидаги дилида қиз экан, дейишган бўлса, бугун мен билан гаплашганлар ҳам шундай фикр билдиришади. Қандай бўлсам, шундайлигимча қолганман.
— Келинг энди, тарихга назар ташлайлик, “Суюнчи”га қандай тушиб қолганингизни гапиб берсангиз.
— Кино оламига киришимга тасодиф сабаб бўлган. Ўша пайтда укам Улуғбек Ҳамроев фильмларда суратга тушиб юрарди. Лекин у 16 ёшга тўлмагани, паспорти бўлмагани учун унинг гонорарини мени номимга ёзишарди. Бир куни пул олиш учун “Ўзбекфильм”га борганман ва Мелис акани учратиб қолганман. Режиссёр ҳадеб менга қарайверганини кўриб, “Бу киши намунча менга тикилди?” деб энсамни қотирганман (кулади). Кейин билсам, Мелис Абзалов Назира учун актриса излаб юрган экан. Энсамни қотирганимни кўриб, “Назирани топдим!” дея кўнглидан ўтказиб, мени ролга таклиф этганлар.
—Назирани гавдалантирганингизда, ҳаётдаги Шаҳнозадан андоза олган экансиз-да. Демак, ижрода ҳам қийиналмагансиз...
— Умуман қийинчилик сезмаганман. Ҳаётда қандай бўлсам, боримча роль ўйнагандим.
— Нега кейинчалик фильмларда кўринмадингиз? Ёки таклифлар бўлмадими?
— Режиссёрлардан кўп таклифлар тушган. Масалан, “Келинлар қўзғолони”даги Нигорани менга топиширмоқчи бўлишганди. Лекин ота-онам рухсат беришмаган. Дадам, “Эсдалик учун фильмда бир марта кўриндинг, етади. Бошқа роль ўйнамайсан” дегандилар.
— Ўзингизда-чи, хоҳиш бўлмаганми? Санъатни нонини еган одам, ундан воз кечиши қийин дейишади...
— Ўзимда иккиланиш кучли эди. Бир томондан кинода роль ижро этиш ёқса. Иккинчи томондан, ўқишим қолиб кетиши мумкинлигидан хавотирланардим. Кейин барибир ўқишни афзал кўрдим... Ота-онам истагандек, шифокор бўлдим.
— Биргина кичик роль билан мухлисларнинг тилига тушаман, деб ўйлаганмидингиз?
— Буни ҳатто тасаввур ҳам қилмаганман. Фильмда бош қаҳрамонни гавдалантирмаган бўлсам-да, ҳалигача Тошкентга борганимда одамлар овозимдан таниб қолишади ва “сиз ўша фильмдаги қизмисиз?” деб сўрашади. Бу албатта, жуда ёқимли.
— Ўша пайтларни бугун қандай хотиралар билан ёдга оласиз?
— Фильм сўлим табиатли қишлоқда суратга олинган. Биз суратга олган хонадон, аслида дала ҳовли эди. Суратга олиш ишлари бошлангандан то тугагунча мен устоз санъаткор Зайнаб Садриева билан бир хонада яшаганман. Гап-сўзларим, ким билан мулоқотда бўлаётганимни назорат қилиб турардилар. У инсон нафақат санъатга доир, балки ҳаётий насиҳатлари билан ҳам менга кўп нарсаларни ўргатганлар. Жуда қаттиққўл, интизомни яхши кўрадиган аёл эдилар раҳматли.
— Фимьмдаги бошқа ижодкорлар билан гаплашиб тураисзми?
— Минг афсуски, ҳеч ким билан кўришмаймиз ҳам, гаплашмаймиз ҳам. Ҳамма ўз иши билан банд, ҳаёт ташвишлар ҳаммани ҳар ерга йўналтирган.
— Бугун Ўзбекистонда узоқда, Африкада яшаётган экансиз...
— Африкада 20 йилдан буён яшаб, шифокор педиатр бўлиб ишлаб келяпман.
— Нега айнан Африкага кетгансиз?
— Буям тақдирдан. Бир танишим ишлагани кетаётганда мен ҳам таваккал қилиб бирга чиққанман.
— Ўзбекистонга қачон қайтмоқчисиз?
— Айни кунларда кенжа ўғлим университетда ўқияпти. Битириб, ишга кирса, кўнглим хотиржам бўлади, шундан кейин насиб бўлса, Ватанимга қайтаман.
— Фарзандларингиз ҳақида ҳам гапирсангиз...
— Учта фарзандим бор. Катта ўғлим Шерзод уйланган, иккита набирам бор. Қизим Райҳонни ҳам узатганман, у ҳам оиласи билан Афарикада. Кичик ўғлим Шуҳрат ҳам ёнимда.
Ўқишлари тугаса, албатта Ўзбекистонга қайтамиз. Бу кунни улар ҳам интизорлик билан кутиб яшашяпти.
— Набирларингиз билан қандай вақт ўтказасиз?
— Тўнғичим, оиласи билан Лондонда яшагани боис, набирларим билан ҳозирча, фақат интернетда кўришиб турамиз.
— Узоқда бўлганингизда Ватан соғинчини қандай босасиз?
— Ватан соғинчи оғир бўлади. Уни унча-мунчага қондириш қийин. Лекин кўпинча ўзбек миллий таомларини пишириб, оиламиз билан йиғиламиз. Дастурхон атрофида Ватанимизни эслаб, у ерда ўтган кунларни мароқ билан ёдга оламиз.
— Ўзбекистонга қайтиб келганингиздан кейин кинода роль ижро этиш таклифи тушса...
— (кулиб) Нега энди йўқ?! Ўйлаб кўришим мумкин...
— Сўнгги марта қайси ўзбек фильмини кўргандингиз?
— Бундан 5-6 йил аввал “Фарзандим” фильмини кўриб, таъсирлангандим. Ҳаётий мавзуда, жуда яхши фильм бўлибди. Куни-кеча ижтимоий тармоқлардаги гуруҳларда, янги суратга олинган картиналарнинг рўйхатини кўрдим. Энди уларга вақт ажратишим лозим. Лекин ўғлим Шуҳрат ўзбек фильмларининг ашадий мухлиси. Қандай янгилик бўлмасин интернетда топиб, томоша қилади.
— Суҳбат сўнггида яна нималар ҳақида гапиришни истардингиз?
— Суҳбатимиз бошида айтганимдек, орадан анча йиллар ўтган бўлишига қарамай мени эслаганларга ўз ташаккуримни билдираман.
Қисқа сатрларда...
Шаҳноза Шамсиева 1963 йил 28 октябрда туғилган.
“Суюнчи” фильмида суратга тушганида 17 ёшда бўлган.
Бўш вақтида китоб мутолаа қилиш ва яқинлар даврасида ҳордиқ чиқаришни яхши кўради.
— Ўзбекистон деганда нима кўз ўнгизга келади?
— Иссиқ патир ва янги сузилган қаймоқ (кулади).
Алия СУЛАЙМАНОВА суҳбатлашди