АсосийJamiyat

​GM Uzbekistan фаолиятига доир расмий хабарнома тақдим этди

'​GM Uzbekistan фаолиятига доир расмий хабарнома тақдим этди'ning rasmi

GM Uzbekistan Оммавий ахборот воситалари вакиллари ва ҳаридорларга фаолиятига доир расмий хабарнома бергани ҳақида аввалроқ хабар бергандик.

Хабарномада сўнгги кунларда бир қатор электрон оммавий ахборот воситалари томонидан GM Uzbekistan АЖ фаолиятига доир, ҳусусан савдо тизимидаги ўзгаришларга бағишланган бир қанча мақолалар чоп этилгани қайд этилган.

Компания ОАВларда чоп этилган мақолаларда келтирилган энг долзарб масалаларгаочиқлик киритди.

1.Ишлаб чиқарилган маҳсулот ва хизматлар нархини АҚШ долларига боғлаш иқтисодиёт субъектлари томонидан кенг қўлланилиб келинаётган амалиёт бўлиб, кўпчилик учун янгилик эмас. Масалан, миллий авиакомпания, мобил алоқа операторлари, интернет провайдерлари, туристик фирмалар ўз товар ва хизматлари учун тарифларини эркин конвертациядаги хорижий валютада, АҚШ доллари ёки Еврода белгилайдилар. Тўловлар Марказий банкнинг тўлов санасидаги расмий курси асосида миллий валютада амалга оширилади.

Шу билан бирга таъкидлаб ўтиш жоизки, автомобиль учун олдиндан тўловнинг минимал миқдори (85%) амалга оширилгандан кейин тўловнинг қолган қисмига валюта курси ўзгариши таъсир қилмайди ва автомобиль учун тўлов шартнома тузилган кундаги курс асосида амалга оширилади, яъни автомобиль нархи ўзгармайди.

2. Автомобиллар нархлари авваламбор ишлаб чиқариш таннархига киритиладиган харажатлардан, давр харажатлари, молиявий фаолият бўйича харажатлар, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича харажатлар, шунингдек автомобилларнинг минимал рентабеллигининг мувофиқлаштирилган даражасидан келиб чиқиб шаклланади.

Нархларни асослашда ҳамда автомобилларни ишлаб чиқариш ва сотиш давомида пайдо бўладиган харажатларини аниқлашда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 5 февралдаги 54-сон қарори билан тасдиқланган Маҳсулот (ишлар, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотиш харажатларининг таркиби ҳамда молиявий натижаларни шакллантириш тартиби тўғрисидаги низомга ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга амал қилинади.

Шу билан бирга, Ҳусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан табиий монополия субъекти бўлган GM Uzbekistan фаолияти устидан, ҳусусан автомобиль нархини белгилаш ҳамда нархларни келишилган меъёрларини қўллаш тартибига риоя этилиши устидан Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ давлат назорати амалга оширилади.

3. Автомобилсозлик – бу катта миқдордаги молиявий маблағ, вақт, техник салоҳият ва бошқа ресурсларни талаб қилувчи кўп ўлчовли жараёндир. Жаҳон автомобиль ишлаб чиқарувчилари тажрибаси шуни кўрсатадики, хом ашёдан то тайёр маҳсулот, яъни автомобиль ишлаб чиқарилишигача ўртача 3 ойдан 6 ойгача вақт талаб қилинади. Эътиборли жиҳати шуки, Ўзбекистон асосий денгиз маршрутларидан узоқда жойлашган ҳудудлар сирасига киради. Ўзбекистон автомобиль саноати умумжаҳон автомобилсозлик тизимининг узвий бир қисмига айланган бўлиб, ҳозирги кунда автомобиль ишлаб чиқариш учун керак бўлган муайян турдаги хом ашё ва бутловчи қисмлар дунёнинг деярли барча қитъаларида жойлашган 20дан ортиқ мамлакатлардан олиб келинади. Улар сирасига Жанубий Корея, АҚШ, Германия, Италия, Мексика, Бразилия, Россия, Польша ва бошқа кўплаб давлатлар киради.

Ушбу омиллардан келиб чиқиб, тайёр автомобилни етказиб бериш муддатлари белгиланади ва ўртача 3 ой вақт талаб килади. Ишлаб чиқариш жараёнлари ва нормативлари, логистика ва бошқа омилларни ҳисобга олган ҳолда GM Uzbekistan томонидан автомобилларни харидорларга етказиб бериш муддатларни қисқартириш бўйича тегишли чоралар кўрилмоқда ва шунинг учун икки ойлик ишлаб чиқариш ҳажмидаги автомобилларга шартнома тузилиб келинмоқда.

Албатта, корхона омборларида бир неча ойларга етадиган даражада бутловчи қисмларни олиб келиб сақлаш ҳам мумкин. Бироқ, бу ўз навбатида молиявий маблағларни катта миқдорда “музлатилишига” ва автомобиль таннархини ошиб кетишига олиб келади. Баъзи ҳолларда бундай сақланган материаллар сифати бузилиши ва яроқсиз ҳолга келиши хавфи бор.


Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар