2017 йил 20 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Олий таълим муассасаларига қабул қилиш, талабалар ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида”ги 393-сонли қарори қабул қилингани ва унда қўшимча контрактларнинг оширилган миқдори тасдиқлангани ҳақида ҳуқуқшунос-блогер Хушнудбек Ҳудойбердиев маълумот берган эди.
Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси мазкур қарорнинг ижросини таъминлаш мақсадида тўлов-контракт асосида белгиланган квотадан ташқари олий таълим муассасаларига қўшимча равишда қабул қилиш бўйича тартиб ишлаб чиқди, деб ёзади блоггер.
Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра, тўплаган баллари тасдиқланган тўлов-контракт бўйича қабул квоталари чегарасига 4 баллгача етмаган абитуриентлар учун қуйидагича миқдор белгиланган эди:
1 баллгача етмаган абитуриентлар учун – 1,5 баробар;
1.1 баллдан 2 баллгача етмаганлар учун – 2,0 баробар;
2.1 баллдан 3 баллгача етмаганлар учун – 2,5 баробар;
3.1 баллдан 4 баллгача етмаганлар учун – 3,0 баробар.
Давлат комиссиясининг тартибига мувофиқ, барча таълим соҳаси ва таълим йўналишлари бўйича 4 баллдан ортиқ балл етмаган, энг юқори баллнинг 30% (68,0 балл)дан кам бўлмаган ҳолда, қўшимча равишда ўқиш истагини билдирган абитуриентларнинг биринчи ўқув йили учун тўлов-контракт миқдорлари тасдиқланди.
Оширилган тўлов-контракт миқдорларига назар ташласак, энг қиммат тўлов ҳуқуқ йўналишида эканлигини кўриш мумкин. Унга кўра, юриспруденция йўналиши бўйича қўшимча-контрактда ўқиш истагини билдирганлар биринчи ўқув йили учун 25 баравар миқдорида контракт тўлаши лозим бўлади. Бу бугунги кунда 246 млн. 250 минг сўмни ташкил этмоқда.
ЭСЛАТМА: ушбу оширилган контракт миқдори фақат биринчи йил учун тўланади. Кейинги йилларда ҳамма қатори оддий миқдордаги контракт тўланади.
Барча миқдорлар билан ушбу ҳаволада танишишингиз мумкин.