3 июль куни Халқаро Пресс клубда янги тузилган Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи давлат ташкилотининг фаолиятига бағишланган “Ўзбекистонда ёшлар сиёсати: долзарб масалаларга замонавий ёндошув мавзуида” сессия бўлиб ўтгани ҳақида хабар бергандик.
Сессия ишида куни кеча Президент томонидан тайинланган Халқ таълими вазири ўринбосари Алишер Саъдуллаев қатнашди.
У ўз сўзини бошлар экан Президент тайинлагани унинг учун мутлақо кутилмаган воқеа бўлганлигини ва кўплаб фикрлар ва саволлар кела бошлагани учун ўзининг ижтимоий тармоқлардаги аккаунтини ўчириб ташлаганини маълум қилди.
Алишер қатнашчиларга олдига жуда кўп мақсадлар қўйганлигини сўзлаб берди.
Алишер ўз нутқида Президентнинг ишончини оқлашини ва насиб қилса бир йил ўтгач яна ўзига ўхшаган кўплаб ёшларга мана шундай вазифалар топширилиши учун қўлидан келганча ҳаракат қилишини ва керак бўлса 24 эмас 25 соат ишлашини айтди.
Саъдуллаев ўзининг вазирликдаги илк куни фаолияти ҳақида йиғилганларга қуйидагиларни маълум қилди:
“Фаолиятимнинг илк куни халқ таълими тизими 5 миллион болани қамраб олганини, улардан 4 миллиони мактабгача таълим муассаса болалари қолган бир миллиони мактаб ўқувчилари эканлигини билдим ва шу сабабдан асосий эътиборни боғчаларга қаратиш лозимлигини тушуниб етдим. Биринчи кунни ўзида мени Тошкентдаги энг яхши кўрсаткичли ва унчалик яхши бўлмаган кўрсаткичли мактабга олиб боришларини сўрадим, ҳамда уларнинг фарқларини аниқлаб, кўрсаткични кўтариш юзасидан таклифлар ишлаб чиқмоқчиман”, — дея қайд этди у.
Алишер яқин 100 кунлик фаолияти билан боғлиқ режалари билан ўртоқлашаркан, биринчи галда болалар боғчаларидаги аҳволни ўрганиш, янги тизимларни татбиқ этиш, шароитлар билан бевосита танишиш мақсадида вилоятларга сафар қилишни режалаштирганини айтди.