Мудофаа вазирлигига қарашли олий ҳарбий таълим муассасаларида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази масъул ходимлари иштирокида 2017 йилнинг 5 июлида тест синовлари ўтказилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Синовлар вазирлик тасарруфидаги Қуролли Кучлар академияси, Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти, Самарқанд олий ҳарбий автомобиль қўмондонлик-муҳандислик билим юрти, Жиззах олий ҳарбий авиация билим юрти, Тошкент ахборот технологиялари университети махсус факультетида бўлиб ўтди. Унда 7800 дан зиёд мамлакатимиз ёшлари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикасининг Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 16 июндаги
209-сонли Қарорига мувофиқ олий ҳарбий таълим муассасаларига курсантлар қабул қилишнинг янги муддатлари белгилангани бу борада ташланган навбатдаги муҳим қадамлардан бири бўлди. Мазкур ҳужжатга мувофиқ энди олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга киришга номзод абитуриентларнинг ҳар йилги тест синовлари
5 июлда ўтказилиб, курсантликка қабул қилинганлар 10 июлда эълон қилинади.
Ўзбекистон Республикасининг Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 16 июндаги
Қарорига мувофиқ энди олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга киришга номзод абитуриентларнинг ҳар йилги тест синовлари 5 июлда ўтказилиб, курсантликка қабул қилинганлар 10 июлда эълон қилинади.
Таъкидлаш жоизки, сўнгги вақтларда мамлакатимизда ҳарбий кадрларни тайёрлаш ва олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун номзодларни танлаб олиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 26 майдаги 320-сонли Қарори билан Мудофаа вазирлиги олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга кирувчи номзодларни квотага мувофиқ тақсимлашни ўз ичига олувчи ягона танлов тизими жорий қилинди. Бу тизим, тест синовлари натижалари бўйича энг юқори балл тўплаган номзодлар орасидан олий ҳарбий таълим муассасаларини тўлдириш имконини беради.
Ҳозирги кунда Мудофаа вазирлиги тасарруфидаги олий ҳарбий таълим муассасаларида 28 та мутахассислик бўйича офицер кадрлар тайёрланяпти. Шу ўринда таъкидлаш лозимки, олий ҳарбий таълим муассасаларида таълим тизими тубдан ўзгармоқда, уларда бўлғуси офицерларни тайёрлаш ва тарбиялаш ҳозирги замон талабларига тўла мос келадиган, принципиал жиҳатдан мутлақо янги ўқув-техник ва маънавий-ахлоқий асосда йўлга қўйилган.






