Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши талаблари ижросини таъминлаш ва китобхонликни тарғиб қилиш мақсадида Ички ишлар вазирлиги Кадрлар бош бошқармаси ташаббуси билан вазирлик ҳовлисида китоб ярмаркаси ташкил этилди.
Ярмаркада “Ўзбекистон”, “Адолат”, “Янги аср авлоди” ва бошқа нашриётлари ўз маҳсулотлари билан иштирок этди. Харидорларга тарихий, бадиий, ҳуқуқий, сиёсий ва болалар адабиётлари тақдим этилди. Ходимлар ярмаркада уюшқоқлик билан қатнашдилар.
- Ярмаркада 300дан ортиқ турли номдаги китоблар билан қатнашяпмиз, - дейди "Ўзбекистон" нашриёт-матбаа ижодий уйи маркетинг бўлими менежери М.Холиқов. - Бунчалик кўп китоб сотамиз деб ўйламагандик. Баъзи китобларимиз тугаб қолгани сабабли яна олиб келишга тўғри келяпти.
Худди шундай китоб ярмаркаси Ички ишлар вазирлигининг алоҳида жойлашган тизимларида ҳам ўтказилади, деб ёзади Ўзбекистон Республикаси ИИВ матбуот хизмати.