АсосийJamiyat

​Қашқадарёлик чақалоқ Муҳаммаджон Рашидов вафот этди

'​Қашқадарёлик чақалоқ Муҳаммаджон Рашидов вафот этди'ning rasmi

Қашқадарёлик чақалоқ Муҳаммаджон Рашидов 11 июль куни вафот этди. У 2017 йилнинг 14 май куни туғилган эди.

11 июлга ўтар кечаси чақалоқнинг аҳволи оғирлашган. Эрта тонгдан Муҳаммаджонни Тошкентдан етиб борган мутахассислар иштирокида қайта операция қилиш бўйича маслаҳатлашувлар олиб борилган.

“Дарё” нашрини хабар беришича, чақалоқнинг жони операциягача узилган.

Касаллик тарихи

Муҳаммаджоннинг бувиси Наргиза Қурбонованинг сўзларига кўра, чақалоқнинг аҳволи 16 майдан ёмонлашган. Қашқадарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Тўлқин Расуловнинг маълум қилишича, бола 10 июнь куни оғир аҳволда, «Марказий нерв тизимининг перинатал зарарланиши. Чақалоқлар гемолитик касаллиги. Ҳомила ичи инфекцияси» ташхиси билан вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази жонлантириш бўлимига қабул қилинган.

Боланинг аҳволи оғирлигича қолгани, қўшимча равишда қорин таранглашиши, дам бўлиши, қориннинг катталашиши, ич келмаслиги, тана ҳароратининг кўтарилиши, қайт қилиш каби белгилар кузатилган. Шундан сўнг чақалоққа «Ярали некротик энтероколит, йўғон ичак стенози, перитонит» ташхиси ҳам қўйилган. Шундан сўнг чақалоқни операция қилишга қарор қилинган. Операция 28 июнь куни бўлиб ўтган.

Операциядан сўнг чақалоққа «Сепсис. Ҳомила ичи инфекцияси. Ярали некротик-гангреноз тотал энтероколит. Йўғон ичаклар ва ингичка ичак яраларининг перфорацияси. Тарқалган нажасли-йирингли-фибринли перитонит. Эндотоксикоз» ташхислари қўйилган. Муҳаммаджон Рашидовнинг аҳволи ОАВ ва интернетда маълум қилинганидан сўнг, 6 июлдан болалар тиббиёт марказининг алоҳида, кондиционерли хонасига кўчирилган, унга бир шифокор, бир ҳамшира ва бир санитар бириктирилган.

Чақалоқнинг аҳволи билан танишиш ва унга ёрдам бериш мақсадида Самарқанд ва Тошкент шаҳарларидан етакчи мутахассислар Қаршига юборилган. Муҳаммаджон Рашидовни даволашга жалб этилган шифокорлар боланинг аҳволи ва олиб борилаётган муолажалар юзасидан чет элдаги ҳамкасблари ҳам маслаҳатлашган.

Унга «Ўлмасжон» деб янги исм беришган эди…

Муҳаммад Рашидов воқеасида жамоатчилик эътиборини тортган асосий жиҳатлардан бири, бу — чақалоқ 28 июндаги операциядан сўнг шифокорлар томонидан «вафот этган» деб, яқинларига топширилгани, сўнг жанозаси вақтида «жонлангани» билан боғлиқ ҳодисадир. Айнан шу сабабли ҳам ижтимоий тармоқларнинг фойдаланувчилари чақалоққа «Ҳаётбек», «Ўлмасжон» каби янги исмлар берган эди.

Қашқадарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборотида мазкур вазиятга қисқача: "Бола вафот этган эмасди, у тирик бўлган", деб изоҳ берилган. Шу билан бирга, вазирликнинг расмий ахборотида чақалоқнинг операцияси 18:50 да тугагани, чақалоқ 19:30 да шифохонадан олиб кетилгани, 22:30—23:00 ларда қайтариб олиб келингани айтилган.

Бироқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги сайтида келтирилган воқеа соатлари билан бевосита ҳодиса гувоҳи бўлган фуқароларнинг билдирган маълумотлари ўртасида номувофиқликлар, зиддиятлар бор. Хусусан, жанозада бўлган Қарши тумани Қуйи Бешкент жомеъ масжиди имом-хатиби чақалоқнинг тирик экани шом намози арафасида маълум бўлганини, воқеадан хабардор шифокорлардан бири эса чақалоқ соат 22:00 бўлмай шифохонага қайтариб олиб келинганини маълум қилган эди.

"Darakchi.uz" жамоаси номидан Муҳаммад Рашидовнинг яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирамиз.

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар