Ёнғин хавфсизлиги талаблари бузилиши ёнғинлар келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин. Шунингдек, қуруқ ўт-ўланлар, чиқиндиларнинг ўз вақтида йиғиштириб олинмаслиги ёки оловдан эҳтиётсиз фойдаланиш ёнғин чиқишига сабаб бўлиб, бу инсонлар ҳаёти ва саломатлигига хавф солиши мумкин.
Ёз мавсумида ёнғинларнинг аксарияти қуруқ ўт-ўланлар ёниши билан боғлиқ бўлиб, баъзан аланга турар жой биноларига ҳам ўтмоқда.
Шу йилнинг олти ойи давомида пойтахтимизда 695 ёнғин содир бўлиб, бунинг оқибатида икки миллиард сўмга яқин зарар етказилди. Агар ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этилганида уларнинг олдини олиш мумкин эди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ Ёнғин хавфсизлиги бошқармасининг профилактика ва ёнғин назорати бўлими инспектори Муслима Раҳимова ЎзА мухбирига маълум қилди.
Тадбирларда оловдан эҳтиётсиз фойдаланиш, болаларнинг назоратсиз қолдирилиши оқибатида зарар етказилаётгани ҳақида маълумотлар келтирилди.
Хусусан, ёз мавсумида Тошкент шаҳар ИИББ Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси диспетчерлик хизматига қуруқ ўт-ўланлар ёниши тўғрисида ҳар ҳафта қирқтагача мурожаат келиб тушади. Воқеа содир бўлган жойга яқин ҳудуддаги ёнғин хавфсизлиги бўлими ҳар бир чақирувга зудлик билан етиб боради.






