2017 йил 21 июль куни соат 16:45 да Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасида 1 миллионинчи мурожаат рўйхатга олинди.
Мурожаатларнинг қарийб 93% фоизи ўзбек тилида, қолгани рус тилида келиб тушган. Мурожаатларнинг вазирлик ва идоралар бўйича тақсимотида илк учликни Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамда Олий суд эгаллади. Аҳолидан юборилган аксарият мурожаатлар уй-жой масаласи билан боғлиқ.
10 ойда миллионта мурожаатнинг келиб тушиши халқнинг давлатимиз раҳбарига, мазкур янги институтга бўлган ишончни кўрсатади. Бу рақам Виртуал қабулхона аҳоли муаммоларини ҳал қила оладиган механизм эканлигини ҳам тасдиқлайди.
Шу ўринда, бир маълумот: Виртуал қабулхона ва Халқ қабулхоналари институтлари мажмуи, уларни ишлатувчи давлат органлари тизими бошқа ҳеч қайси давлатда жорий этилмаган.
Маълум бўлишича, айрим мурожаатлар қуйи даражадаги ижрочилар томонидан лозим даражада тўлақонли ва сифатли кўриб чиқилмоқда, деб айтиш қийин. Баъзи муаммоларнинг ечими эса, айниқса ижтимоий-иқтисодий, коммунал соҳадаги масалалар давлатимизда рўй бераётган ислоҳотларниниг кўлами ва натижаси билан боғлиқдир ҳамда маълум бир вақтни талаб этади.
Лекин бу муаммоларга албатта барҳам берилади. Президент томонидан илгари сурилган “Халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак” деган тамойил ҳаётга тўлиқ татбиқ этилади.