Жорий йилда Тошкент давлат юридик университетда бўлиб ўтадиган кириш имтиҳонларида адолатни таъминлаш мақсадида бир қанча янгиликлар амалга оширилади. Бу ҳақида университет қабул комиссияси маълум қилди.
Шундай янгиликлардан бири тест синовлари ўтказиладиган бинога киришда абитуриент микрокалькулятор, луғат, жадвал, китоб, уяли телефон, компьютер, телекоммуникация воситалари ва шпаргалкалар олиб киришга ҳаракат қилгани назоратчилар томонидан аниқланса, ўша абитуриентга далолатнома тузилиб, у тест жараёнидан четлаштирилади.
Аслида ушбу қоида янгилик эмас. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июндаги 393-сонли қарори билан тасдиқланган “Олий таълим муассасаларининг бакалавриатига талабаларни ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом”да ҳам, ундан олдин амалда бўлган низомларда ҳам мазкур қоида белгилаб қўйилган эди. Бироқ ушбу қоидага доим ҳам қатъий амал қилинмас, абитуриентларнинг мазкур ножўя хатти-ҳаракати аксарият ҳолларда кечириларди.
Энди жорий йилдан бошлаб, мазкур қоидага қатъий амал қилинади. Тест ўтадиган бинога қўшимча воситалар олиб киришга уринган абитуриент аниқланиши заҳоти, тест синовларига кирмасиданоқ, имтиҳондан четлаштирилади.
Қабул комиссияси берган маълумотларга кўра, барча абитуриентлар номига махсус огоҳлантириш хатлари тайёрланди ва ДТМ варақасини олишга келган ҳар бир абитуриент яна бир бор бу ҳақида огоҳлантирилади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилда ТДЮУга жами 600 нафар талаба қабул қилинади ва ўзбек гуруҳига 5178 нафар, рус гуруҳига эса 954 нафар абитуриент ҳужжат топширган. Ўтган йилги билан солиштирганда абитуриентлар сони 1736 нафарга (39,5%) ошган.