Тинч океанининг Мексика қирғоқларида пайдо бўлган “Хиллари” довули энди АҚШ томонга ҳаракатланмоқда, деб хабар берди Ntv.ru нашри.
“Фобос” об-ҳаво марказининг хабар беришича, “Хиллари” довули айни пайтда кучайиб, АҚШ қирғоқларига хавф туғдирганча, ҳаракат қилмоқда. Американинг Калифорния, Аризона, Невада ва Айдахо штатлари табиий офатдан зарар кўриши мумкин.
Довул ичидаги шамолнинг тезлиги шиддатли равишда, соатига 150 километрни ташкил этади. Сўнгги маълумотларга кўра, “Хиллари” довули Мексика қирғоқларидан 800 километр узоқда жойлашган. Довул оқибатида 3,5 метргача тўлқин кўтарилиши мумкин.
Маълумот сифатида шуни айтиш мумкинки, шамолнинг тезлиги соатига 119 километрни ташкил этса, довул юзага келади. Саффир-Симпсон шкаласига мансуб биринчи тоифали довулда шамолнинг тезлиги соатига 120 километрни, бешинчи тоифадаги довулда шамолнинг тезлиги соатига 250 километрни ташкил қилади ва у фожиали оқибатларга олиб келади.






