Касб-ҳунар коллежлари ва олий ўқув юртлари битирувчиларини танлаб олиш ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимига ишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг қарори эълон қилинди.
Ушбу Низомга кўра Касб-ҳунар коллежлари ва олий ўқув юрти битирувчиларини мутахассис ва қутқарувчи лавозимларига ишга қабул қилишда қуйидаги талаблар қўйилади.
а) Олий ўқув юрти битирувчилари:
табиий ҳусусиятли фавқулодда вазиятлар профилактикаси ишларини олиб бориш мутахассислигига олий ўқув юртларининг табиий таълим йўналишларидан бирини битирган бўлиши керак (геология, география, геофизика, биология, гидрология, метеорология, гидромеханика, қуруқлик-гидрологияси, атмосфера физикаси ва шу каби йўналишлар);
техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар профилактикаси ишларини олиб бориш мутахассислигига олий ўқув юртларининг техника-технология таълим йўналишларидан бирини битирган бўлиши керак (архитектура, гидротехника, муҳандислик-ирригация, муҳандислик-энергетика, муҳандислик-механика, ахборот технологияси ва шу каби йўналишлар);
радиацион, кимёвий ва биологик (бактериологик) муҳофазаси ишларини олиб бориш мутахассислигига олий ўқув юртларининг физика (ядро физикаси), кимё, кимё-технология, биология, биология-кимё, тиббиёт, радиология, санитар-эпидемиология, геофизика йўналишларидан бирини битирган бўлиши керак;
моддий-техник таъминот, захира ва қурилиш йўналишидаги мутахассисликларга олий ўқув юртларининг енгил ва озиқ-овқат саноати, иқтисодиёт, автомобиль, қурилиш йўналишларини битирган бўлиши керак;
Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг амалдаги ишчи ва хизматчилар асосий лавозимлар Классификатори талабларига мувофиқ бўлиши лозим;
муддатли ҳарбий хизматни ўтаган бўлиши керак.
б) Касб-ҳунар коллежлари битирувчилари:
мутахассис-қутқарувчи лавозимига (дизенфекция инструктори, дозиметрист, газдан қутқарувчи ва шу каби барча қутқарувчи лавозимларига):
ёши 18 дан кичик 30 ёшдан катта бўлмаслиги;
бўйи 175 смдан кам бўлмаслиги;
жисмонан баққуват, руҳан соғлом, мустақил фикр юритадиган бўлиши;
шахсий ҳимоя воситаларидан фойдаланган ҳолда заҳарли моддалар билан, шунингдек, соғлиғига кўра баландликда ишлашга яроқли бўлиши;
муддатли ҳарбий хизматни ўтаган бўлиши керак.
Шунингдек, қутқарувчи-ҳайдовчи ва ғаввос-қутқарувчи лавозимига қўшимча қуйидаги талаблар қўйилади:
а) Қутқарувчи-ҳайдовчи лавозимига:
камида “ВС” тоифали ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлиши керак;
ҳайдовчининг тиббий кўрикдан ўтганлиги бўйича махсус маълумотномаси бўлиши керак;
йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидалари ва шартли белгиларни мукаммал билиши зарур.
б) Ғаввос-қутқарувчи лавозимига:
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Санитария-гигиена ва касб касалликлари илмий-тадқиқот институти томонидан сув остида ишлашга рухсат берилган бўлиши керак.
Ҳар йили Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳарбий кафедрада тайёргарликдан ўтказиладиган талабалар ўрни (квотаси) бўйича таклиф киритилади.
Ҳарбий кафедра битирувчилари Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимидаги ҳақиқий ҳарбий хизматга биринчи навбатда қабул қилинади.
Қутқарувчи лавозимларига номзодларни танлаб олиш шартлари
Номзодлар сони ҳар бир ўринга 4 тадан кам бўлмаганда, улар бошқарма (тузилма) томонидан тузилган махсус ишга қабул қилиш комиссияси иштирокида қуйидаги тартибда танлаб олинади:
аънавий ва сиёсий дунёқараши бўйича суҳбат;
психологик тест;
касбий билимларини синовдан ўтказиш (диктант, ёзма иш);
жисмоний тайёргарлик (спорт бўйича тоифа даражаси мавжудлиги инобатга олинади).
Низомнинг тўлиқ матни ЎзАда эълон қилинди.