АсосийJamiyat

Чехия Ўзбекистон билан барча йўналишларда ҳамкорликни ривожлантириш тарафдори

Тошкентдаги Халқаро ҳамкорлик марказида Иқтисодий, саноат ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Чехия ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. 

ЎзА нинг хабар беришича, мажлисда Чехия делегацияси Ўзбекистонда амалга оширилаётган  кенг кўламли хусусийлаштириш жараёни, иқтисодиётни ривожлантириш йўлида изчиллик билан олиб борилаётган ислоҳотлар натижалари, “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонаси ва “Ангрен” махсус индустриал зонасида сармоядорлар учун яратилган қулай имкониятлар билан таништирилди. Чехия Республикаси саноат ва савдо вазирининг ўринбосари, комиссия ҳамраиси Милан Говорка Чехия Ўзбекистон билан барча йўналишларда ҳамкорликни изчил ривожлантириш тарафдори эканини алоҳида таъкидлади. Мажлисда икки мамлакат ўртасида савдо-иқтисодий, саноат ва илмий-техникавий ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари ҳақида фикр юритилди. Савдо, сайёҳлик, қишлоқ ва сув хўжалиги, транспорт ва транспорт коммуникациялари, машинасозлик, фан ва техника каби соҳалардаги алоқаларни янада кенгайтириш, қўшма корхоналар сони ва ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини кўпайтириш, биргаликда истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. Шу куни Ўзбекистон ва Чехия ишбилармон доираларининг бизнес-форуми бўлиб ўтди. Унда икки мамлакатнинг иқтисодий салоҳияти, мавжуд имкониятларидан янада кенгроқ фойдаланиш юзасидан фикр алмашилди. Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва Чехия ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми ўтган йили 2011 йилга нисбатан 32,3 фоизга ошиб, 77,5 миллион, жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида эса 77,8 миллион АҚШ долларини ташкил қилди. Ўзбекистонда Чехия сармояси иштирокида йигирмага яқин қўшма корхона фаолият кўрсатмоқда. Улар озиқ-овқат ва гўшт-сут маҳсулотлари, кийим-кечак, қурилиш материаллари, дори-дармон ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш каби соҳаларда иш юритади.

    Бошқа янгиликлар