Ўзбекистонлик мактаб ўқувчилари Болгарияда бўлиб ўтган “Чегара билмас математика” халқаро мусобақасида муваффақиятли иштирок этиб, умумжамоа ҳисобида фахрли 2-ўринни эгаллади. Бу ҳақда ЎзАхабар бермоқда.
Мусобақа финалида дунёнинг 11 давлатидан 1 минг 200 нафардан ортиқ ўқувчи иштирок этди. Унда ўқувчиларимиз 60 дақиқа ичида 20 математик масалани ечишга муваффақ бўлиб, мамлакатимиз ёшлари иқтидорини яна бир бор намойиш этди.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг “Камалак” болалар ташкилоти фаоллари уларга фахрий ёрлиқ, эсдалик совғалари топширди.
Тадбирда иштирок этган устоз-мураббийлар, совриндор ўқувчиларнинг ота-оналари, жамоатчилик вакиллари ёш авлод таълим-тарбиясига, уларнинг камолотига қаратилаётган юксак эътибор туфайли ёшларимиз халқаро миқёсдаги фан ва спорт олимпиадаларида, нуфузли кўрик-танловларда совринли ўринларни қўлга киритиб, юртимиз шаънини муносиб ҳимоя қилаётганини алоҳида эътироф этди.
Болгарияда олтин, кумуш ва бронза медаллар шодасини қўлга киритиб, Ватанимиз байроғини баланд кўтарган ёшларимизнинг ютуғи мамлакатимизда ёшларга оид олиб борилаётган оқилона сиёсатнинг самарасидир.






