1

2014 йилги Давлат бюджети тасдиқланди

ЖАМИЯТ 20.11.2013, 18:14
2014 йилги Давлат бюджети тасдиқланди
14 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. 

Қонунчилик палатаси Кенгаши томонидан таклиф этилган кун тартиби тасдиқланганидан кейин депутатлар Ўзбекистон Республикасининг 2014 йилги Давлат бюджети лойиҳасини кўриб чиқдилар. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг ахборот хизмати хабар қилади. Йиғилишда таъкидланишича, мамлакатимизнинг 2014 йилги Давлат бюджети лойиҳаси 2013 йил январь ойида ўтказилган Ҳукумат мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан белгилаб берилган мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури ҳамда жорий йилдаги ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларининг прогноз баҳоси асосида ишлаб чиқилган. Бюджет лойиҳаси иқтисодиётнинг барқарор юқори суръатларда ўсишини, иқтисодий барқарорликни, экспорт ўсишининг мувозанатлаштирилган кўрсаткичларини, ташқи савдо ва тўлов балансининг ижобий сальдосини сақлаб қолишга, иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини оширишга қаратилгандир. Айни бир вақтнинг ўзида 2014 йилда ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник ва технологик жиҳатдан янгилаш миқёсларини жадаллаштириш ва кенгайтириш ҳамда йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини жадал ривожлантириш дастурларини фаол амалга ошириш давом эттирилади. Бу ҳақда ЎзА хабар беради. 2014 йилда ялпи ички маҳсулот 108,1 фоизга, саноат маҳсулоти 108,3 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ишлаб чиқариш 105 фоизга ва капитал қўйилмалар 109,5 фоизга ўсиши назарда тутилмоқда. Давлат бюджети лойиҳасида юридик шахсларнинг фойдасидан олинадиган солиқнинг базавий ставкасини 9 фоиздан 8 фоизга камайтириш назарда тутилмоқда, бу эса 132 миллиард сўмни корхоналар ихтиёрида қолдириш имконини беради. Жисмоний шахслар даромадларидан олинадиган солиқ бўйича даромадларга солиқ солишнинг энг кам ставкасини 8 фоиздан 7,5 фоизга камайтириш назарда тутилмоқда. Мамлакатимизнинг келгуси йилдаги асосий молиявий ҳужжати аниқ ижтимоий йўналишга эга. Унда ижтимоий соҳа, соғлиқни сақлаш, таълим, маданият соҳаларини янада ривожлантиришга, умуман, меҳнат ҳақини жадал оширишга, манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлашни таъминлашга катта эътибор қаратилган. Чунончи, 2014 йилда таълим соҳасига ажратиладиган харажатлар ялпи ички маҳсулотнинг 7,5 фоизини, соғлиқни сақлашга ажратиладиган харажатлар эса ЯИМнинг 3,1 фоизини ташкил этади, бу эса баркамол ва соғлом авлодни вояга етказиш, шунингдек, соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ этиш бўйича қабул қилинган дастурларда назарда тутилган тадбирларни тўлиқ ҳажмда молиялаштириш имконини беради. Ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш учун сарфланадиган харажатлар 2013 йилдаги 59,3 фоиздан 2014 йилда 59,6 фоизга кўпаяди. Фуқароларни ижтимоий таъминлашга ажратиладиган харажатларни ошириш кўзда тутилмоқда. Ижтимоий нафақалар тўлаш, кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам бериш, шунингдек, компенсация тўловларига сарфланадиган харажатлар ЯИМга нисбатан 1,4 фоиз миқдорида назарда тутилмоқда. Давлат бюджетидан молиялаштириладиган марказлаштирилган инвестициялар ҳажми 1,5 триллион сўмни ёки ЯИМга нисбатан 1,0 фоизни ташкил этади, ушбу маблағлар қишлоқ аҳоли пунктларини ичимлик суви билан таъминлашга ва янги ташкил этилаётган турар-жой массивларида ижтимоий инфратузилма объектларини ва ички йўллар барпо этишга йўналтирилади. Хусусан, қишлоқ жойларда намунали лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жойлар қуриш дастурига кўра 2014 йилда барпо этиладиган 11000 та турар-жой қурилишини молиялаштириш учун Давлат бюджетидан ЯИМга нисбатан 0,5 фоиз миқдорида маблағ ажратиш, шу билан бир қаторда якка тартибдаги уй-жой қурувчиларнинг ва Осиё тараққиёт банки заёмининг маблағларини сарфлаш назарда тутилмоқда. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш, касаначилик ва оилавий тадбиркорликнинг турли шаклларини кенгайтириш, шунингдек, касб-ҳунар коллежлари ва лицейларнинг битирувчиларини ишга жойлаштириш ҳисобига Иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурини амалга ошириш – мамлакатимизни келгуси йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг муҳим йўналишларидан биридир. 2014 йилда 983,6 мингта янги иш ўринлари ташкил этиш мўлжалланмоқда. Давлат молиявий маблағларини бошқаришнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш, бюджет маблағларидан самарали фойдаланилишини кучайтириш ва давлат томонидан кўрсатиладиган хизматлар сифатини яхшилаш мақсадида 2014 йил 1 январдан бошлаб 2014-2015 йилларда синаб кўриш учун Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодексини амалга киритиш назарда тутилмоқда. Ана шу давр мобайнида заруратга қараб ўзгартиш ва қўшимчалар киритиб борилади. Бюджет кодексини амалга киритишдан асосий мақсад – амалиётдаги мавжуд қарама-қаршиликлар ва эскириб қолган нормаларни бартараф этиш, шунингдек, амалиётда қўлланиладиган нормалар, қоидаларни, бюджет жараёни қатнашчиларининг ваколатларини тизимлаштириш имконини берадиган ягона қонун ҳужжатида бутун бюджет жараёнини тизимлаштиришдан иборатдир. 2014 йилда иқтисодиёт зиммасидаги солиқ юки 0,5 фоизга камайтирилиши таъкидлаб ўтилди. Шунингдек, ЎзЛиДеП ўзининг Сайловолди дастури низомларидан келиб чиққан ҳолда фермерлик ҳаракати вакилларининг манфаатларини ҳимоя қилиб, ноқулай табиий шароитларда пахта етиштирувчи фермер хўжаликларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш учун ажратилган Давлат бюджети харажатлари 2014 йилда жорий йилдагидан 26 миллиард сўмга ортганини кўрсатиб берди, бу эса ноқулай табиий шароитларда пахта етиштирувчи қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларнинг рақобатбардошлилигини ошириш имконини беради. Шунингдек, сув хўжалиги объектларини таъминлашга сарфланадиган харажатлар ЯИМга нисбатан 1,1 фоиз миқдорида кўзда тутилганлигига, бу эса жорий йилдагига нисбатан 16,2 фоизга кўпроқ эканлигига эътибор қаратилди. Ўзбекистон Халқ-демократик партияси фракцияси аъзолари мамлакатимизнинг келгуси йилги асосий молиявий ҳужжати ижтимоий жиҳатдан аниқ йўналтирилганлигига алоҳида эътибор қаратдилар. Шу мақсадда ажратилаётган катта миқдордаги бюджет маблағлари иш ҳақи, стипендиялар, пенсиялар ва ижтимоий тўловлар миқдорларини янада ошириш орқали аҳолининг фаровонлигини изчил равишда яхшилашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш имкониятини яратади. Шунингдек, жисмоний шахслар даромадидан олинадиган энг кичик солиқ ставкасининг 0,5 фоизга пасайтирилиши аҳолининг ижтимоий заиф қатламларини бундан буён ҳам қўллаб-қувватлашга қаратилган. Шу билан бирга Давлат бюджетининг даромад қисмида режалаштирилган маблағларнинг келиши, шунингдек, ундан самарали фойдаланилиши, айниқса аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга йўналтириладиган бюджет маблағлар устидан парламент назоратини янада кучайтириш зарурлиги тўғрисидаги таклиф билдирилди. Бу нуқтаи назардан халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг депутатлар корпуси билан ҳамкорликни йўлга қўйиш зарурлиги тўғрисида таклиф билдирилди.  Ўзбекистон «Миллий тикланиш» Демократик партиясидан сайланган депутатлар 2014 йилги бюджет солиқ-сиёсати концепцияси ва Давлат бюджети лойиҳасида жаҳон иқтисодиётида мураккаб жараёнлар ва салбий ҳолатлар давом этаётган шароитда мамлакатимизни барқарор ривожлантиришнинг муҳим омили сифатида ички талабни қондиришни рағбатлантиришга қаратилган кенг кўламли тадбирларни амалга ошириш назарда тутилаётганлигини таъкидладилар. Жаҳон бозорларидаги ноқулай конъюнктура шароитларида мамлакатимиздаги маҳсулот экспорт қилувчи корхоналарни янада қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш чора-тадбирлари амалга оширилаётганлиги жуда муҳим эканлиги таъкидланди. Шунингдек, туризм ва хизматлар кўрсатиш соҳаларини янада ривожлантириш бўйича чора-тадбирларнинг қабул қилиниши маҳаллий бюджет даромадларининг ошишига ва минтақаларнинг иқтисодий салоҳияти мустаҳкамланишига кўмаклашиши айтиб ўтилди.  «Адолат» Социал-демократик партияси фракцияси аъзолари мамлакатимизнинг илмий-техник салоҳияти тўлиқ амалга ошиши мумкин бўлган инновацион типдаги иқтисодиётни яратиш энг муҳим вазифа деб ҳисоблайдилар. Шу билан бирга фракция иқтисодиётни модернизация қилиш, ишлаб чиқаришни техник ва технологик қайта қуроллантириш чора-тадбирларига муҳим аҳамият бермоқда. Фракциянинг фикрича, иқтисодиёт фан ва техниканинг энг замонавий ютуқларига, иқтисодий жараёнларни самарали бошқаришга ҳамда таълим тизимига таяниши керак. Шу муносабат билан 2014 йилда фанга ажратиладиган харажатлар ЯИМга нисбатан 0,1 фоиз миқдорида ёки 2013 йилдагига нисбатан 1,2 баравар ортиқ эканлиги муҳимдир. Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар аҳоли пунктларини ободонлаштириш, аҳолини ичимлик суви, экологик жиҳатдан тоза озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш ишларини давом эттириш муҳимлигини таъкидлаб ўтдилар. Ишлаб чиқаришни техник ва технологик жиҳатдан модернизациялашни амалга ошириш чоғида атроф-муҳитни муҳофаза қилишни ҳам унутмаслик даркор. Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, жойлардаги айрим корхоналар раҳбарларининг белгиланган экологик нормаларини бузганлик учун жавобгарлигини янада кучайтириш муҳимлиги уқтирилди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси муҳокама давомида билдирилган фикр-мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг 2014 йилги Давлат бюджетини тасдиқлади ва тегишли қарор қабул қилди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1