АсосийJamiyat

Глобал инқироз: сабаб, оқибат ва сабоқлар

2007 йилнинг август ойида АҚШ ипотека кредитлари бозорида авж олган танглик нафақат Америка, балки қатор ривожланган ва ривожланаётган мамлакатлар иқтисодиётига ҳамон ўз таъсирини кўрсатмоқда. Уммон ортидаги муаммолар

 “Better Маrrеts” агентлиги экспертларининг маълумотига кўра, 2007-2010 йилларнинг ўзида  америкаликларнинг 46,2 миллион нафари қашшоқона ҳаёт кечираётганлар рўйхатига тушиб қолди. Бу сўнгги ярим аср ичидаги энг юқори кўрсаткичдир. Яна бир ташвишланарли томони шундаки, аҳолининг 9,3 миллион нафари тиббий суғуртадан маҳрум этилган. 2008-2018 йиллар давомида АҚШда ялпи ички маҳсулот айнан молиявий бўҳрон туфайли камида 7,6 триллион долларга қисқариши тахмин қилинмоқда. Устига-устак расмийлар миллий иқтисодиёт, банк сектори ушбу  “бало”дан халос бўлиш учун 5,2 триллион доллар маблағ ажратган. 2013 йилнинг 17 октябри арафасида  АҚШнинг давлат бюджетисиз қолганидан хабарингиз бор. Далил ва рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, дефолт ёқасида қолган ҳукумат ўн еттинчи бор ўз фаолиятини вақтинчалик тўхтатишга мажбур бўлган. Бу ҳолат сўнгги бор бундан 17 йил аввал кузатилган экан. Жорий йилдаги давлат қарзи лимитини ошириш борасида республикачилар ва демократлар ўртасидаги узоқ давом этган баҳс-мунозаралар, тортишувлардан сўнг томонлар бир битимга келишгандан кейин кўпчилик енгил нафас олди.

Бироқ бу ерда барча молиявий муаммолар узил-кесил ҳал бўлди дегани эмас. 2014 йилнинг январида яна бу “оғриқли нуқта” улар нишонига айланади. Оқ уй ва Конгресс ўртасидаги “рингдаги ўзига хос жанг” ҳали бери тугамаслиги аниқ. 

Бош котибнинг боши қотган...

Йирик давлатлар у ёқда турсин, бу касаллик каттадан-катта нуфузли ташкилотларни ҳам ўз домига тортаётир.

БМТ бош котиби Пан Ги Мун Бош Ассамблеянинг 68-сессияси бешинчи қўмитаси делегатларига БМТнинг 2014-2015 йиллардаги бюджети лойиҳасини тақдим этиб, у 5,404 миллиард  доллар маблағ ажратилишини сўраган.

Бу бундан 2 йил аввалги маблағга нисбатан 2,9 фоизга камроқдир. Ташкилотда маблағ тежаш мақсадида 290 та иш ўрни қисқартирилган. Аслида бош котиб ҳар 3 йилда БМТ таркибидаги мамлакатлар тўлайдиган аъзолик бадалини белгилаб туради.

Дунёнинг юзлаб бадавлат шахслари Европада давом этаётган инқироз ва АҚШнинг бюджет сиёсатидаги номутаносиблигидан катта миқдордаги маблағ йўқотмоқда.

“Well Fargo” агентлиги молиявий–иқтисодий бўҳрон – ЖАР, Покистон, Миср, Ҳиндистон, Чили, Перу, Бразилия, Туркия, Индонезия, Аргентина, Колумбия каби давлатларни ҳам четлаб ўтмаслиги эҳтимоли мавжудлигини маълум қилган. 


“Кўҳна қитъа”нинг янги дардлари

Европа Иттифоқида кейинги пайтда рецессиядан чиқиш борасида ижобий силжишлар кўзга ташланаётганлиги ҳақида илиқ фикрлар билдирилса-да, Евростат агентлиги маълумотига қараганда, ўтган бир йил ичида давлат қарзи ЯИМнинг 85,9 фоизигача кўтарилган.

Евроҳудудда вазият янада таҳликали 92,2 фоиз атрофида. Бу борада Греция (160 фоиз), Италия (130 фоиз), Португалия (137 фоиз), Ирландия (125 фоиз) “қарздорлар рейтинги”да  карвонбошилик қилаётир.

“Боқиманда” мамлакатларнинг молиявий аҳволи ҳали бери яхшиланадиганга ўхшамайди. Жорий йилда Грецияда ишсизлик даражаси рекорд даража – 1 миллион 327 минг нафардан ошганлиги ташвишланарли ҳолдир. Бу  ишга лаёқатли фуқароларнинг 26,9 фоизини ташкил этаётир.

Португалия, Испания, Италия, Руминия, Болгария каби мамлакатларда бу борадаги вазият ўнгланаётгани йўқ. Бу “муаммоли” давлатлар ҳамон ўз қитъасидаги бой мамлакатлар қўлига қараб қолган.

Испания ЯИМ динамикасида 8 чоракдан буён яхшиликдан нишона йўқ. Ишсизлик даражаси 6 йиллик  рецессия давомида 27 фоизгача кўтарилди. Экспертлар Пиреней ярим оролидаги бу давлатда 2014 йилда ижобий кўрсаткичларга эришилишига умид қилаётир.

Франция президенти Франсуа Олланднинг Японияга амалга оширган давлат ташрифи чоғида Евроҳудудда молиявий инқироз бартараф этилди, деб айтган сўзлари кўпчиликни таажжубга солмоқда. Аслида Франциянинг ўзи ҳам қарз ботқоғидан чиқа олмаётганлиги барчага сир эмас. Еврокомиссиядагилар Франция бюджет тақчиллиги 2013 йилда 3,9 фоиз, 2014 йилда 4,2 фоизга етишини ва ниҳоят 2015 йилда талаб даражасида 3 фоиз атрофида бўлишини башорат қилаяпти. Энг ачинарлиси франциялик олий маълумотли мутахассисларнинг кўпчилиги иш сўраб бандлик хизматига мурожаат қилмоқда. Яна бир хушёқмас маълумот: Жанубий Европада жорий йилда ташқи қарз ЯИМнинг 180 фоизга кўтарилиши кутилмоқда.

Эртага нима бўларкин?

Халқаро валюта жамғармаси маълумотига қараганда 2014 йилда ҳам жаҳон иқтисодиётида ўсиш унчалик юқори бўлмайди. Бу кўрсаткич ХХР да 7,3 фоиз, АҚШда 2,6 фоиз,  Россияда 2 фоиз, Японияда 1,2 фоиз, Евроҳудудда эса бир фоизни ташкил этиши тахмин қилинмоқда.

Ижрочи директор Кристин Лагард бу ҳолатни шундай изоҳлар экан, ҳали олдинда оғир кунлар кутиб турганлигини, глобал инқирознинг гувоҳи бўлганлар ўтиш давридаги яна бир қийинчиликка дуч келишини, бу жараён қандай кечиши мавҳумлигича қолишини, кўп давлатлар ўн йиллар давомида бу ҳолат билан тўқнаш келиши мумкинлиги ҳақида кенг тўхталган.

Гонконг университети олимлари айнан глобал молиявий бўҳрон сабабли ўз жонига қасд қилиш – суицид ҳолати кескин ошганлигига эътиборни қаратади. Макс Планке номидаги демография тадқиқотлар институти томонидан тайёрланган ҳисоботда қайд этилишича, Европада сўнгги 5 йил ичида туғилиш даражаси пасаймоқда.

“Dемоgraphic Recearch” журналида ёзилишича, айнан ишсизлик туфайли Испания, Хорватия, Венгрия, Ирландия, Латвияда аёллар фарзанд кўриш режасини ўзгартирмоқда. Инқирозга қадар ҳар аёлга 1,47 нафардан бола тўғри келган бўлса, ҳозир у 1,36 тага тўғри келяпти. Айниқса 25 ёшгача бўлган аёлларда бундай ҳолат кўп  учраяпти. Европа Иттифоқига аъзо 28 мамлакатда 2001-2011 йиллар давомида туғилиш даражаси 20 фоизга камайган.

Ўзбекистон “мўъжизаси”

Дунё мамлакатларининг аксарияти жаҳон молиявий иқтисодий инқирозининг салбий оқибатларини бошдан кечираётган ҳозирги шароитда, яъни, бу давлатларда ишлаб чиқариш ва аҳоли турмуш даражаси кескин пасайиб кетган бир пайтда Ўзбекистонда мустақилликнинг дастлабки кунларидан амалга ошириб келинаётган стратегия нечоғли узоқни кўзлаб чуқур ва пухта ишлаб чиқилгани бугун яққол намоён бўлмоқда.

Жаҳонда иқтисодий кўрсаткичларнинг муттасил пасайиб кетаётганига қарамай, мамлакатимизда макроиқтисодий барқарорлик сақланиб турибди. Ўзбекистоннинг инқирозга қарши чоралар дастури ва мамлакат раҳбарияти томонидан белгилаб берилган устувор йўналишлар доирасидаги чора-тадбирларнинг амалга оширилиши муваффақиятли ижтимоий-иқтисодий ривожланишда муҳим омил бўлмоқда.

Президентимизнинг “Жаҳон молиявий иқтисодий инқирози, Ўзбекистон шароитида уни бартараф этишнинг йўллари ва чоралари” номли асарида Ўзбекистондаги иқтисодий вазиятнинг прогрессив таҳлили ҳамда жаҳон молиявий инқирози ва уни бартараф этиш йўллари аниқ кўрсатилган.

Рақамларни рад этиб бўлмайди

Мамлакатимизда иқтисодий ўсишни таъминлаш, халқ фаровонлигини ошириш, ёшларни иш билан таъминлаш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Жорий йилда Ўзбекистон аҳолисининг 973 минг нафари иш билан таъминланиши кўзда тутилган. Ўтган 9 ой ичида 833 минг 400 киши ишга жойлаштирилди. Шундан 488 мингдан ортиғи, яъни, 58,6 фоизи қишлоқ туманларида яшовчилардир.

Яна бир маълумот 973 минг нафардан ортиқ одамнинг 501 минг нафардан зиёди касб-ҳунар коллежларини тамомлаган йигит-қизлардир. Мамлакат ЯИМ да кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик улушини ошириш ва янги иш ўринлари ташкил этиш имкониятини кенгайтирмоқда.

Вашингтон шаҳрида куни кеча ўтказилган Ўзбекистон – АҚШ бизнес анжуманида халқаро валюта жамғармаси департаменти директорининг ўринбосари В.Бакалу Ўзбекистондаги ЯИМ ўсиши кўрсаткичларини мамлакатда ички талаб даражаси ҳамда олтин-валюта заҳираларининг ошиб бораётганини, Ўзбекистон ҳукумати томонидан янги иш ўринлари ташкил этишга қаратилган сиёсатини юқори баҳолади.

Париж 5 – университети профессори, Гаага халқаро институтининг халқаро музокаралар маркази директори О.Фор эса тараққиётнинг “Ўзбек модели” ўтиш иқтисодиётига эга мамлакатлар учун намуна сифатида хизмат қилиши мумкин, деган фикрларни илгари сурган.

Азимжон  Пўлатов, Сиёсий шарҳловчи 

    Бошқа янгиликлар