АсосийJamiyat

“ШАРҚ ТАРОНАЛАРИ” XI ХАЛҚАРО МУСИҚА ФЕСТИВАЛИ ҒОЛИБЛАРИ АНИҚЛАНДИ

'“ШАРҚ ТАРОНАЛАРИ” XI ХАЛҚАРО МУСИҚА ФЕСТИВАЛИ ҒОЛИБЛАРИ АНИҚЛАНДИ'ning rasmi

Самарқанд шаҳрида “Шарқ тароналари” XI халқаро мусиқа фестивали якунланди, деб ёзади ЎзА.

25-30 август кунлари дунё санъат аҳлининг бош саҳнасига айланган Регистондаги амфитеатрда “Шарқ тароналари” XI халқаро мусиқа фестивали ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.


Дастлаб, фаол жамоалар қатор номинациялар бўйича тақдирланди. ЮНЕСКО, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали дирекцияси, Самарқанд вилояти ва шаҳар ҳокимлиги ҳамда бошқа ташкилотларнинг махсус мукофотлари топширилди.

Саҳнага Эрон, Индонезия ва Туркиядан келган жамоалар таклиф этилди. Уларга фестивалнинг учинчи даражали дипломлари топширилди.

Иккинчи ўринга Қирғизистон ва Литвадан келган санъаткорлар сазовор бўлди.


Жанубий Кореянинг Геосонг халқ қўшиқларини сақлаш фонди жамоаси ҳамда мамлакатимиз вакили Моҳичеҳра Шомуродова биринчи ўринга муносиб, деб топилди.

Ниҳоят, ҳаяжонли лаҳзалар. Ҳакамлар ҳайъати хулосасига кўра, “Шарқ тароналари” XI халқаро мусиқа фестивалининг бош соврини – Гран-при Озарбайжон вакилига берилгани маълум қилинди.

– Дунё эътирофидаги ушбу фестивалда иштирок этишнинг ўзи биз учун катта шараф бўлганини таъкидламоқчиман, – дейди Гран-при соҳиби, Озарбайжон Республикасида хизмат кўрсатган артист Соҳиб Пошшозода – “Шарқ тароналари” бош совринини қўлга киритишим эса тарихий воқеа бўлди. Ҳозир қалбимда кечаётган ҳаяжон, фахр-ифтихорни сўз билан ифодалаш қийин. Фурсатдан фойдаланиб, ушбу фестивални ташкил этган Ўзбекистон раҳбариятига, бизга жуда катта ҳурмат кўрсатган санъатсевар ўзбек халқига миннатдорлик изҳор этаман.

Маросимда юртимиз санъат усталари ва ёш ижрочилар томонидан концерт дастури ҳамда “Ўзбекистон маданий мероси – умумбашарий бойлик” деб номланган 3D проекция-мусиқали ёритиш томошаси намойиш этилди.

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар