Бугун, 31 август куни қатағон қурбонлари куни муносабати билан "Шаҳидлар хотираси" мажмуида халқимиз озодлиги ва мустақиллиги йўлида қурбон бўлган марҳумларни ёд этиш маросими ўтказилди, деб хабар беради ЎзА.
Маросимда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди.Анъанага кўра ош тортилди. Қуръон тиловат қилиниб, қатағон қурбонлари руҳига ҳурмат бажо келтирилди. Президентимиз Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти, уламолар, маҳалла фаоллари ва зиёлилар билан суҳбатлашди.
Биринчи Президентимизнинг 2001 йил 1 майдаги “Қатағон қурбонларини ёд этиш кунини белгилаш тўғрисида”ги фармони асосида “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуида “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи барпо этилди.
Музей 2002 йил 31 август куни – мамлакатда илк бор нишонланган Қатағон қурбонларини ёд этиш кунида тантанали равишда очилди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев музей экспонатлари билан танишди.
Шавкат Мирзиёев музей ёнидан оқиб ўтувчи Бўзсув канали атрофини янада ободонлаштириш бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берди.
Бу ердаги муҳит ижодкорлар учун илҳом манбаидир. Шунинг учун Бўзсув канали атрофида турли тадбирлар – мақом кечалари, ёшлар, нуронийлар ва зиёлиларнинг учрашувларини уюштириш мақсадга мувофиқ, деди Президентимиз.
Маълумотларга кўра, ёдгорлик мажмуи ва музей барпо этилган жой ХХ асрнинг 20-йилларидан то Иккинчи жаҳон уруши бошлангунига қадар собиқ тузум жазо органларига қатлгоҳ бўлиб хизмат қилган. Тошкент шаҳрида отилган қатағон қурбонлари шу ердаги учта қатлгоҳга дафн этилган. Ёдгорлик мажмуи ана шу собиқ қатлгоҳ ҳудудларини ўзаро бирлаштириб туради. Агар рамзий сағана ёдгорлик мажмуининг мемориал маркази ҳисобланса, музей биноси унинг маърифий маркази бўлиб хизмат қилади.