​«ОТА ҚИЗИГА СЕП БЕРИШИ ШАРТМИ?»

ҲИДОЯТ САРИ 05.09.2017, 10:14
​«ОТА ҚИЗИГА СЕП БЕРИШИ ШАРТМИ?»

Никоҳ тўйи ўтказиш ҳақида кўрсатмалар берсангиз. Тўйда нималар жоизу нималар ножоиз? Ҳозирда диёримизда, жумладан, пойтахтдаги тўйлардаги ҳолатлар, қиз тарафга маълум нарсаларнинг юкланиши, «чаллар»и қилиш, куёвнавкар ва бошқа ҳолатларнинг ҳукми қандай?

Саволларга Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур туман бош имом хатиби, «Шайх Зайниддин» жоме масжиди имом хатиби Одилхон қори ЮНУСХОН ўғли жавоб берди.

— Ота ўз қизига сеп қилиши аслида шариатда бор. Али (розиялоҳу анҳу)дан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Фотима (розияллоҳу анҳо)га бир чойшаб, бир меш ва бир дона ёстиқни сеп қилиб берганлар. (Насоий ривояти). Лекин бу ишда ғулув кетиб, кундан-кунга янги нарсалар чиқаравермаслик, келин томон сеп қилиши ва келин бўлиб тушадиган уйини жиҳозлаши мумкин экан деб, нуқул қимматбаҳо нарсаларга ёпишавермаслик керак. Чунки, бу нарсалар тезда урфга айланиб, бошқаларни қийнаб қўйиши бор. Ва мумкин иш, одамлар наздида, лозим ишга айланиб қолиши бор.

Жумҳур фуқаҳолар наздида, муслима аёл келин бўлиб тушадиган хонадондаги маълум уйни ўз маҳридан ёки бошқа мулки ҳисобидан жиҳозлашга мажбур эмас. Хотинни манзил билан таъминлаш эрнинг зиммасида! Шундай экан, келиннинг сепига кўз тикиш имони бор мўмин бандаларга ярашмайди. Ҳар бир эркак ўзи ва оиласи учун турар-жой ҳозирлаши, уни ўзи истаганидек жиҳозлаши керак. Хоҳласа, чет элникини, хоҳласа, ўзимизда ишлаб чиқарилган жиҳозларни олсин, ихтиёр ўзида. Аммо қуда тарафга «Уни олиб келинг, буни олиб келинг», деб буюртма бериш юздан ҳаё пардаси кўтарилгани аломатидир. Агар уйни келин ёки унинг яқинлари жиҳозлашса, бу фақат келинга тегишли мол-мулк ҳисобланади.

Шариатда никоҳни эълон қилишга тарғиб этилган. Жумладан, дуф деб аталадиган чилдирмага ўхшаш нарса билан никоҳни одамларга билдириш жоиз саналади. Меъёрни билган ҳолда баъзи мубоҳ қўшиқларни айтиб, кўнгил ёзишга рухсат берилган. Инсоннинг маънавиятини оширадиган, эстетик завқ бағишлайдиган, тарбиявий аҳамиятга эга халқ қўшиқлари, мумтоз санъат намуналаридан эшитиб, баҳраманд бўлиш яхши. Аммо тўй қилишда ғарб маданиятига кўр-кўрона эргашиб, инсоннинг ҳирсини қўзғатиб, шаҳватини жунбушга келтирадиган, жазавага тушириб, сакратадиган кучли мусиқа, шовқин ва зарб билан амалга ошириладиган оломонча маданиятга мансуб мусиқа услубларидан фойдаланиш зарар келтириши мумкин. Европадагиларнинг дину диёнати, урф-одати умуман бошқа. Унутмайлик, биз мусулмонмиз! Тубанликка тортадиган, беҳаё «санъат» бизнинг халқимизга тўғри келмайди. Шунингдек, тўйларимизда ғарбона урф-одатларга эргашишимиз келажак авлод тарбиясига салбий таъсир қилади. Ҳар бир халқнинг тўйлари ўзига хос тарзда ўтади. Бундай нарсалар, одатда, урфга қараб бўлади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1