АсосийShou-biznes

АНВАР МАДРАИМОВ: "МАҚСАДИМ ДУНЁ ТАЛАБИГА ЖАВОБ БЕРАДИГАН ФИЛЬМ ИШЛАШ!"

'АНВАР МАДРАИМОВ: "МАҚСАДИМ ДУНЁ ТАЛАБИГА ЖАВОБ БЕРАДИГАН ФИЛЬМ ИШЛАШ!"'ning rasmi

10-19 август кунлари Америка Қўшма Штатларининг Лос-Анжелес шаҳрида анъанавий “Holly Shorts” қисқа метражли фильмлар фестивали бўлиб ўтди. Унда бутун дунё киноижод­корлари 30 дан ортиқ йўналиш бўйича 40 дақиқали ва ундан ҳам камроқ ҳажмли бадиий фильмлари билан иштирок этишди. Мазкур фестивалда ўзбекистонлик ёш режиссёр Анваржон Мадраимов ҳам қатнашди ва 20 дақиқали “Туғилган кун откриткаси” (“A Birthday Card”) фильми билан “Best Youth” (“Ёшлик йўналиши бўйича энг яхши фильм”) номинацияси ғолиби бўлди. Нью-Йорк киноакадемиясида таҳсил олаётган Анварни табриклаш мақсадида у билан боғландик...

— Анвар, аввало ғалаба билан табриклаймиз!

— Катта раҳмат, жуда хурсанд бўлдим! Мазкур кичик ютуғим энг улуғ байрамимиз — Мустақиллигимизнинг 26 йиллиги учун туҳфа бўлганидан бошим кўкка етди.

— Нега айнан бу мавзуга қўл урдингиз?

— Боиси “аборт” халқаро миқёсдаги долзарб мавзу. Гоҳида мавжуд вазият, руҳий кемтик­лик икки танлов орасида турган киши учун нотўғри қарор чиқариб қўяди. Фильмда ёритилган фалсафий фикрлардан хулоса чиқариш эса томошабин измида.

— Ёш режиссёр сифатида актёрлар билан ишлаш қийин кечмадими?

— Актёрнинг ишончини қозона олиш бу — режиссёрнинг асосий вазифаси. Йўқса, улар ижодкор сифатида юз фоизли имкониятини юзага чиқармайди. Ишнинг тўғри йўлга қўйилгани ҳам актёрдаги режиссёрга бўлган ишончни таъминлайди. Устозларим берган сабоқ ва жуда кўп китоб ўқиганим ҳам бу борада яқиндан кўмак берди. Фильм 4 кун суратга олинган бўлса-да, тайёргарлик жараёнига 3 ой сарфлаганмиз. Бу кинокартинанинг пойдевори мустаҳкам бўлишига хизмат қилади.

— Ҳакамлар ҳайъати 65 давлатдан ташриф буюрган қат­наш­чи­лар­нинг 4 мингга яқин ишини кўриб чиққанида 400 та танлаб олинганлар рўйхатидан жой олишингизга ишонганмидингиз, ғолиб бўлишингизга-чи?

— Саралаш жараёнида 200 тагина қисқа метражли фильм­ларни кўрдим. Орасида мазмунли кинокартиналар етарли эди. Дўстларим менинг фильмимни ҳам мақташди, хурсанд бўлдим. Лекин ғолиблик хаёлимга ҳам келмаганди. Рости, исм-шарифим эълон қилинганида ҳайрон бўлдим. Хурсанд бўлган жиҳатим эса мени “Энг зўр ёш кинематографиячи”, дея эътироф этишди. Бугунги кунда кино билан шуғулланаётганлар жуда кўп, рақобат ҳам шунга яраша, айниқса Америкада. Мен ҳам айнан рақобат кучли давлатда ўзбек фарзанди сифатида ютуққа эришганимдан қувондим.

— Асли режиссёрлик соҳасига қизиқиш уйғонишига нима туртки бўлди?

— Болалигимда бир вақтнинг ўзида расм чизиш тўгараги ва мусиқа мактабига борардим. Асарларимда қандайдир воқеликни акс эттиришга уринардим. Бироқ биргина расмда ёритмоқчи бўлган мавзумни сиғдиролмаслигим турган гап эди. Шу жараёнда энг муносиб йўналиш бу — фильм, деган қарорга келганман. Ота-онамни мени Америкага юборишларига кўндирдим. “Кино соҳасида қайси институт мукаммал таълим бераркин?” деган савол билан кўп изландим ва Нью-Йорк кино академияси бу соҳани “ноль”дан ўргатишини айтишди ва шу танловда тўхталдим.

— Демак, Тошкентда кино соҳаси бўйича ўқимагансиз?

— Жаҳон иқтисодиёти ва дип­ломатия университети қошидаги гимназияда, ундан сўнг Турин политехника университети қошидаги лицейда таҳсил олганман.

— Нью-Йорк киноакадемия­сида таҳсил олишдан мақсад қизиқиш устунлигими ё Ватан олдидаги фарзандлик бурчини адо этиш?

— Ўринли савол! Кино соҳасида Ўзбекистонда ҳам таҳсил олса бўлади. Лекин Лос-Анжелес кинематографиянинг юраги. Мақсадим дунё талабига жавоб берадиган фильм ишлаш сирларини ўрга­ниб, ўз юртимиздаги кино ривожига янада муносиб, сезиларли даражада ҳисса қўшиш. Та­ри­химиз, ма­да­ния­ти­­миз жуда бой. Шундай экан, шонли ўт­ми­ши­мизни бутун ­дунёга муносиб равишда кўр­сатиш бизнинг қў­ли­мизда. Нью-Йорк киноакадемиясининг кинематография факультетида ҳар бир режиссёр билиши шарт бўлган монтаж, дубляж, овоз ёзиш каби кўплаб йўна­лишларда сабоқ берилади. Лекин сценарий ёзиш ва режиссура дарслари кўпроқ ўқитилади.

— Тошкентга қайтгач, айнан қайси тарихий сиймоларимиз ҳақида фильм­лар суратга ол­моқ­чи­сиз?

— Аслида триллер, драма, трагедия жанрларида ижод қилишни ёқтираман. Карьерамни ҳам айнан шу жанрларда яратмоқчиман. Комедияда зинҳор ишламайман. Саволга аниқ жавоб берсам, бизда Амир Темур, Улуғбек, Ибн Сино каби тарихий шахсларимиз, Тўмарисдек жасорат эгалари етарли. Фильмларимда ҳеч кимда йўқ мадания­тимиз, ўзбек таомлари, танти ўзбек халқининг меҳри дарёлигини айнан тарих ва юқорида санаган тарихий сиймоларим орқали ёритишни режа қилдим. Ўзим хорижда бўлсам-да, юртимиздаги кинога доир жараёнларни мунтазам кузатиб боряпман. Президентимизнинг 7 август куни қабул қилинган “Миллий кинематографияни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорини ўқиб, жуда қувондим. Мазкур қарор маданият ва санъат, хусусан, миллий кинематография соҳасида улкан воқеа бўлди. Шу маънода юқорида таъкидлаганимдек, киноижод­кор аниқ ижодий режасини белгилаб олиши, янгича иштиёқ билан ишлаши шарт ва бу ҳам қарз, ҳам фарз.

ФАКТ:

● Анвар Мадраи­мов 1995 йилнинг 27 февралида Тошкент шаҳрида таваллуд топган.

● 2013 йилдан бери Нью-Йорк киноакадемиясида таҳсил олади.

Фильм ҳақида:

Икки фарзанди бор фильм бош қаҳрамони олдида режалаштирилмаган ҳомилани дунёга келтириш ёки ундан воз кечиш масаласи турибди. Аёл “аборт” қилиш кунини белгилайди, бир кун аввал эса туғилган куни. Аёлнинг турмуш ўртоғи ва болалар биргаликда унинг туғилган кунига “откритка” тайёрлашади. Бахтли тўлақонли оила акс этган айнан шу совға аёлнинг тўғри танлов қабул қилишига сабаб бўлади.

Ўзига хос далиллар:

● Сценарий муаллифи Анвар Мадраимов. Инглиз тилидаги сценарийни такомиллаштириш учун қўшимча муаллиф таклиф қилинган.

● Монтажга 4 ой, дубляж ишларига 4 ой вақт кетди.

● Жами ижодий гуруҳ аъзолари сони: 30 га яқин, актёрлар 5 та.


Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА суҳбатлашди

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар