АсосийShou-biznes

Расулхон ҚОДИРХОНОВ: “ТЕАТР АКТЁРНИ ЧАРХЛАЙДИ, КИНО ФОЙДАЛАНАДИ”

'Расулхон ҚОДИРХОНОВ: “ТЕАТР АКТЁРНИ ЧАРХЛАЙДИ, КИНО ФОЙДАЛАНАДИ”'ning rasmi
Кескир фикрлайдиган Муқимий номидаги Ўзбек давлат мусиқали театри актёри Расулхон ҚОДИРХОНОВ “Даракчи” газетасига берган интервьюсида очиқ-ойдин суҳбатдан қочмади...

— Расулхон, Ўзбекистон ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашувда кино борасида айтилган танқидий фикрларни тинглаб, айбдорлик ҳисси ўтдими?

— Учрашув талабга жавоб берадиган фильмлар суратга олинишига катта замин бўлганидан фақат хурсанд бўлдим. Айбдорлик ҳиссини эса туйганим йўқ. Чунки айтилган эътирозлар кўпроқ режиссёрларга тегишли. Доим бачкана фильмларда суратга тушишдан бош тортиб келганман. Эътиборга жавобан ўзимга нисбатан масъулият кучайди. Аввалроқ рус ва инглиз тилларини мукаммал ўрганишни олдимга мақсад қилиб қўйгандим, истагим янада кучайди. Вақтимни тўғри тақсимлаб, барига улгурсам, деган ўй билан яшаяпман.

— Театрларимизнинг репертуарлари ғоявий-бадиий жиҳатдан ночор, спектаклларда бугунги кун нафаси, одамларни ўйлантираётган жиддий ижтимоий муаммолар ўз аксини топмаётгани айни ҳақиқат. Маиший мавзулардаги енгил-елпи асарларда банд актёр сифатида нега тарихий спектакллар борасида ташаббус кўрсатмайсиз? Актёр – режиссёрнинг қўғирчоғи эмас-ку!

— Албатта, тарихий роллар ижро этгим келади. Бу борада катта ва ёш авлод ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш керак. Шунда тажриба ва тиришқоқлик ўз “сўз”ини айтиб, барча ёшдаги томошабин учун қизиқ асар саҳна юзини кўради. Яширмайман, театримизда ёшларнинг фикрини деярли тинглашмайди. Катта гапирганда сукут сақлаш менталитетимизга хос жиҳат. Бу яхши, лекин тезкор фикр­лаш нуқтаи назаридан биз ёшларнинг ҳам фойдамиз тегиши тайин-ку. Ёшларнинг ташаббусларини кўпроқ қўллаб-қувватлашлари тарафдориман. Актёр қайсидир маънода режиссёрга тобе халқ. Режиссёр бўлганимда аллақачон тарихий спектакллар устида иш бошлаган ва уни кўнгилдагидек саҳналаштирган бўлардим. Тажриба йиғиб, келажакда режиссёрликда ҳам ўзимни синаб кўрмоқчиман. “Тоҳир ва Зуҳра”, “Лайли ва Мажнун” спектакллари томошабинга ҳавола қилинди, ёмон чиқмади. Лекин бундан-да юқори савияда саҳналаштириш имкониятимиз бор. Бу масала зудлик билан ҳал бўладиган иш эмас-да.

— Президентимиз “Ўз­бе­кистонда адабиёт ва ­санъат, маданият, оммавий ахборот воситалари, маънавият ва маърифат бизнесга айланмаслиги шарт ва биз бунга ҳеч қачон йўл қўймаймиз”, дедилар. Шу маънода “Санъатимни сотмайдиган актёрман”, дея оласизми?

— Албатта! Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтини тамомлаб, театрда иш бошлаганимда устоз даражасига етган баъзи актёрларни кўриб, “нега ролни сохта ўйнашади?!” каби “нега?” деган саволлар тинчлик бермасди. Актёрлик маҳорати бўйича домлам раҳматли Улуғбек Зуфаров билан ҳар бир асарни хижжалаб таҳлил қилардик, театрга келиб эса таҳлилга кам вақт ажратилишига гувоҳ бўлдим. Шунда устоз актёрлар “театрда тезлик ва натижа муҳим!” деб тушунтиришган. Бироқ барибир ўз фикримда қоламан, ҳар бир асар чуқур таҳлилдан ўтиши лозим. Тўғри, тирикчилик, кундалик харажатлар, оилали бўлгач, зиммага тушадиган мажбурият масалалари доимий кўндаланг туради. Лекин сира “пул топаман”, деб санъатдан четга чиққан эмасман. Рост, театр ва кино актёриман, телевидение ҳамда тўйларда бошловчилик қиламан. Санъат орқали эзгуликни тарқатиш билан бандман. Санъатимиздаги камчиликлар ўтиш даврининг узрли сабаб­лари. Лекин Президентимиз “бугун олдини олмасак, эртага кеч бўлади”, дедилар. Шу боис биз актёрлар ўз ижро этган ролларимизга янада жиддий эътибор беришимиз керак.

— “Иккита қайиқнинг бо­­­шини тутган сувга ғарқ бўлади”, деган фикрни эшитганмисиз? Ўзингиз санаб ўтганингиздек, “қайиқлар”ингиз бир нечта...

— Тўғри, лекин ҳозирча ғарқ бўлганим йўқ. Пауло Коэльонинг “Алкимёгар”идаги бош қаҳрамон ёнида турган бахтни излаб, бутун дунёни кезиб чиққанидек, мен ҳам балки олдимдаги муваффақиятга етаклайдиган битта йўналишни пайқамаётгандирман.

— “Шуҳрат” медали сов­риндори бўлган актёр сифатида елкангизда катта масъулият бор. Шу маънода нега ижроингизда замон қаҳрамонларини кўрмаяпмиз?

— Мен актёрман, режиссёрга “замон қаҳрамони ҳақидаги асарга қўл уринг ва уни ўзим ижро қиламан”, дея олмайман. Муҳими, “замон қаҳрамонини ижро эта оласанми?” деган таклифга “эх, аттанг актёр сифатида тайёрмасман”, дейишдан қўрқаман. Қалбимдаги хоҳиш сидқидилдан, беминнат хизмат қилаётган аскар ролини ижро этиш. Қисқаси, ҳозир кутиш давридаман. Оёқни чўзиб олиб кутаётганим йўқ, ўз устимда ишлаб, билим даражамни оширяпман. Ҳамма нарсанинг ўз вақти-соати бор. Қачон режиссёрлар менгача етиб келишини эса билмадим. Режиссёр Нозим Тўлахўжаев диний экстремизмга қарши кураш ҳақидаги фильмининг киносиновига чақирганди, ўтолмадим. Бу мағлубият янада кўпроқ илм олишимга туртки бўляпти.

— Маданият ва санъат соҳасида 50 фоиз соҳа му­тахассиси бўлмаганлар фаолият юритяпти. Кино таълимини олмаганлардан театр саҳнаси ва кинони қизғанмайсизми?

— Албатта, ҳам профессионал, ҳам истеъдодли бўлса нур устига аъло нур. Лекин Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида шунчаки қизиқиш, телевизорда кўриниш учунгина ўқиётган ота-онасининг эркатойлари - истеъдодсизлар талайгина ва қобилияти бўла туриб, ўқий олмаганлар ҳам бор. Шу маънода қизғанмайман. Айнан шу қобилият юзага чиқиши учун Президентимиз Фарғонада Ўзбекистон санъат ва маданият институтининг филиалини очдилар. Бу профессионаллар сони ортишига бир замин. Ўғри-каззоблардан кўра, санъаткор кўпайгани яхши.

— Қўшиқ куйлаганингиз етмаганидек, журналистикада нима қилиб юрибсиз? Соҳа вакиллари етарли, ахир?!

— Етарли эмас экан-да, биз актёрларга эҳтиёж туғилибди-ку?! Тўғри, юзим танилиши, мухлислар хизматларига чақиришидан манфаатдорман, буни рад қилмайман. Ҳар бир фаолиятим ўзимни англашнинг бир усули ҳам. Санъатнинг вазифаси қайси йўл билан бўлса ҳам эзгуликни тарқатиш. Ўзимга қийин бўлса ҳам барини бажаришга ҳаракат қиляпман. Фильмларда банд бўлиб қолсам, бошловчилигим кутиб туради. Телевидениедагилар ҳам икки марта кўз юмади, учинчисида кутмайди ҳам. Демак, ҳақли равишда менинг хизматимдан воз кечишга мажбур бўлишади.

— Телевидениенинг кучи билан “Опа-сингиллар” сериали орқали томошабинга танилдингиз. Нега театрдаги 12 йиллик фаолиятингиз давомида салмоқли, сизни янада машҳурлик шоҳсупасига олиб чиқадиган ролларингиз йўқ?

— Театр актёрни чархлайди, кино фойдаланади. Ҳали сиз айтгандек ролларни ўй­на­ма­гандирман, инкор этмайман. Ҳали бутун ҳаётим ва катта-катта лойиҳалар олдинда. Санъатимиз дунёга бўйлашида четда туриш ниятим йўқ. Бу борада қилаётган ҳаракатларим камлигини ҳам ҳис қиляпман. Чунки вақтни тўғри тақсимлай олмаяпман.

— Кинога режиссёр Ориф Йўлдошевнинг “Йўқолган одам” фильми билан кириб келгансиз. Лекин илк қадамингиз муваффақият олиб келмади. Фильмларда омадингиз келмаётгани етарли даражада маҳоратга эга эмаслигингиз билан боғлиқми ё режиссёрлар мос роль беришмаяптими?

— Маҳоратим етарли эмас ва ҳали фурсат келмади. Лекин мен ҳаракатчанман, насиб бўлса барчасига эришаман!

Боир ХОЛМИРЗАЕВ, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист

— Сиз учун оила устунми ё санъат?

— Ик­каласи ҳам устун, бир-биридан ажратолмайман. Қанийди, иккаласи ҳам кўнгилдагидек бўлса? Кўпинча бир тарафида кемтиклик бўлади. Бу ҳаёт синовли, менда иккаласида ҳам синов етарли. Бироқ тушкунликка тушганим йўқ, синовлардан муносиб ўтаман.

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА суҳбатлашди

    Бошқа янгиликлар