АсосийShou-biznes

Фаррух ЗОКИРОВ: “ПРОФЕССИОНАЛ САНЪАТКОРЛАР МЕҲНАТИГА ЯРАША ХИЗМАТ ҲАҚИНИ ОЛИШИ КЕРАК!”

'Фаррух ЗОКИРОВ: “ПРОФЕССИОНАЛ САНЪАТКОРЛАР МЕҲНАТИГА ЯРАША ХИЗМАТ ҲАҚИНИ ОЛИШИ КЕРАК!”'ning rasmi
“Даракчи” газетасининг галдаги қаҳрамони бир вақтнинг ўзида етти давлатнинг халқ артисти, бастакор, XXI умуммиллий дас­тури доирасида "Йил одами — 2016" мукофоти совриндори, юксак маданият ва санъат эгаси – Ўзбекистон халқ артисти Фаррух Зокиров...

— Президентимиз Ўзбекистон ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашувида эстрада санъатини танқид қилганларида устоз ва устазода санъаткор сифатида айбдорлик ҳиссини туйдингизми?

— 3 августдаги йиғилиш бу – тарихий учрашув ва барча соҳалар бўйича тарихий бурилиш бўлди. Юқори самимиятда ўтган учрашувда соҳадаги камчиликларни куюнчаклик билан гапириш баробарида аниқ таклиф, маслаҳат ва ечим ҳам топиб бердилар. Очиғи, танқидлар шу қадар ўринли ва ўз вақтида билдирилди. Учрашувларда биз ижодкор­лар ҳам соҳамиздаги камчиликларни тан олиб, уларни тузатиш кераклигини кўп гапирамиз. Атрофдагилардан “Қачон сўз амалга кўчади?” деган фикрларни ҳам эшитамиз. Саволлар кўп, жавоблар эса жиддий тизимли ишлар натижасида топилади. Насиб бўлса, амалий ишлар бўйича режали ишни йўлга қўйишни бошладик.

— 2002 йилдан 2004 йилгача Ўзбекистон Маданият вазири ўринбосари лавозимида ишлагансиз. Вазифангиздан озод этишларини сўраб, ижод билан шуғулланишни афзал кўрдингиз. Президентимиз билан бўлган учрашувда эса Ўз­бекистон халқ артистларининг ҳар бирига биттадан санъат коллежи ё мусиқа мактабларига бориб раҳбарлик қилиш, юзлаб шогирдлар етиштириш топширилди...

— Биласизми, маълум бир маррага эришган ижодкор доим ҳам педагог бўлавермайди, бу жуда катта масъулиятли соҳа. Директор эмас, бадиий раҳбар бўлишим мумкин. Очиғи, Президентимиз менга юзланганларида бироз ўзимни йўқотиб қўйдим. 50-йилларнинг охирида бошқа санъаткорлар қатори акам Ботир Зокиров ҳам профессионал эстрада пойдеворининг асосчиларидан бўлган. Минг афсус, эстрада кейинчалик у қадар ривожланмади. Эстрада ўта масъулиятли йўналиш, боиси унинг аудиторияси жуда кенг. Бу йўналишни шартли равишда юксак масъулиятли минбар, деб атаса бўлади. Афсуски, бугунги эстрада хонанда­лари ўзига “Шу “мин­бар”га чиқиб, қандай қўшиқ куйлаяпман, мазмуни, ғоя ва савияси қандай, маҳоратим-чи?” деган саволни бермаяпти. Тўғри, шоу-бизнеснинг “қўшиқ шўх, эшитувчининг тез ёдида қоладиган бўлиши керак”, деган ёзилмаган қонунлари бор. Бироқ ҳар бир хонанда зиммасидаги масъулият чегарасидан ўтмаслиги шарт! Бу жараёнда асосий ғояни амалга ошириш халқ артистларининг вазифаси. Шогирдларга талаб­чанлигим буюк сиймолар, қадриятларни сингдиришдан иборат бўлади. Бунинг учун албатта илм олиш шарт! Олдимга истеъдодли ёш “Қўшиқ куйламоқчиман”, деб келса, “Албатта, мусиқий таълим олинг”, деб қатъий талаб қўяман. Агар “Ўзбекистон Давлат консерваториясини тамомладим, кўмак беринг”, дея мурожаат қилса, бажонидил устозлик қиламан!

— Зокировлар сулоласи давомчиси сифатида аллақачон Зокировлар мактабини ташкил қилишингиз ўринли бўл­масмиди? Президенти­мизнинг таъбири билан айтсак, агар истеъдод ва маҳоратимизни шу муқаддас замин, шу олийжаноб халқимиз учун сафарбар этмасак, ҳазрат Навоий таъбири билан айтсак, бу ҳунарни асраб нима қиламиз, қаерга олиб кетамиз уни?

— Жуда нозик савол. Албатта, вақти келди, лекин бу ҳақда жамоат, журналистлар таклиф бериши керак. Ўзимнинг ҳам таклифларим бор, лекин ташаббус мендан чиқиши нокамтарлик бўлади-да. Зокировлар оиласида еттита юксак унвон эгалари бор, улардан тўрттаси Ўзбекистон халқ артисти, бу – катта бахт! Айтмоқчи бўлганим, ҳам эстрада, ҳам кино, ҳам рассом­ликни ўзига қамраб олган ижодий марказ ташкил қи­лиш мумкин. Бу борада Зокировларнинг тажрибаси етарли. Ёш авлоднинг ҳаммаси ҳам устоз санъаткорларни билавермайди. Уларнинг хотирасини абадийлаштириш керак.

— Эшитишим­ча, меъмор Александр Куранов лойиҳаси асосида Ботир Зокиров қўшиқларидаги лирикани эслатувчи оқ мармар ва эгилувчан шакллар омухталигида “Зокировлар санъат уйи” меъморий лойиҳаси эскизи тайёр бўлибди...

— Бу ҳақда мен америка­лик­лардан эшитдим. Тўғри, лойиҳа эскизини кўрдим, жуда чиройли. Лекин уни ташкил қилиш учун маблағим йўқ.

— Куни кеча “Халқ артистлари клуби”га раис этиб тайинландингиз. Икки карра масъулиятнинг яқин кунлардаги натижалари ҳам қизиқ...

— Ёш хонандалар билан йиғилиб, “оммага ўзимизнинг ўзбек санъатини муносиб равишда кўрсатайлик”, деган мавзуда самимий суҳбатлар ташкил қиламиз. Катта ҳаётий тажриба эгалари сифатида йўл қўйган хатоларимизни ёшлар такрорламаслиги учун мисоллар билан фикрлашамиз. Асосийси, бу учрашувлар расмий эмас, самимий руҳ­да бўлиши керак. Биласизми, эстрада жанрида устоз кўрмасдан ютуққа эришиш бу – афсона. Қандай кучли истеъдод эгаси бўлмасин, “мактаб” кўрмаса бари бир пул. Устоз кўрмай кўзга кўринганларнинг ижодий “умр”и эса қисқа. Масалан, тўйларимизни олайлик, муаллиф сифатида “Келибди” қўшиғини куйлашларидан хурсанд бўламан. Лекин “Ёр-ёр”, “Тўйлар муборак” каби халқ асарлари куйланмаслигидан афсусдаман. Келин-куёв хорижнинг трагик қў­шиғига илк оилавий рақсини ижро этади, бу нима деган гап? Карнай-сурнайчиларнинг хориж мусиқаларини чалиши ҳам даҳшат-ку! Тўғри, хориждан фа­қат яхши намуналарни олишимиз керак. Лекин ўзи­мизнинг бетакрор қадрият, удумларимиз етарли-ку. Фақат уларни тиклаш учун ҳаракатни бошлаш керак.

— Тўйларда хонандаларимиз тўртта фонограммага оғиз қи­мирлатгани учун ҳақ олиши ўринлими?

— Тўғри, тўй шоу-бизнеснинг “бозори” бўлиб қолди. Лекин тўй эгаси фонограммада “куйлайдиган” хонандаларни чақирмасин, дабдабали тўй қилмасин! Ёки тўй эгалари “Фақат жонли куйлайсан!” деб хонандаларни тарбиялаши керак. Масалан, мен ижод қилмай, уйда даромад олиб ўтиришим керак. Боиси, тўйларда 30 фоиз менинг қўшиқларимни куйлашади. Бу масалада додимни кимга айтай?

— Бунинг учун Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги талаб даражасида ишлаши керак-да!

— Ҳақсиз! Баъзи “хонандалар” бор, қўшиғимни қўйиб, шунча­ки оғиз қимирлатиб туради. Фаррух Зокировнинг овозига оғиз қимирлатишга қандай виждони йўл қўяди? Бу саволлар очиқ қоляпти.

— Шундай “хонандалар”га “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси лицензия беряпти-ку?

— Тўғри, “Ўзбек­кон­церт”да ҳам кам­чиликлар етарлича. Лицензия бу – маблағ... Кечирасиз-ку, бу ташкилотни тузишдан мақсад, ёш эстрада хонандаларига ёрдам қўлини чўзиб, талабга жавоб берадиган даражага етганидан сўнггина лицензия бериш эди. Биласизми, халқ артис­ти унвонига эга санъаткорларнинг лицензия тўлови энг юқориси. Нега?! Унвон берилгани бу – ишонч-ку! Ваҳоланки, аксинча бўлиши керак. Шунда ёшларда “Мен ҳам устоз санъаткорлар даражасига етай, рағбатларга эга бўлай”, деган интилиш пайдо бўлади. Азамат Ҳайдаров “Ўзбекконцерт”га раҳбар сифатида қайтди. Камчиликлар энди ҳал бўлишига ишонаман.

— Бугун эстрада неча фоиз тадбиркорлик бўлиб қолди?

— Ҳақсиз, тадбиркорликка юқори урғу бериляпти. Хонандаларнинг ҳам оила­си бор, даромади эса фақат тўйлардан, лицензия қиммат бўлса. Яқинда Озодбек Назарбеков “Ташкилотлар ўтказадиган тадбирларнинг бюджети бўлиши керак”, деб ўринли фикр айтганди. Ташкилотчилар “Бу тадбирларда иштирок этишнинг ўзи шараф”, дейишади. Лекин тадбирнинг ошпази, бошқа ходимларига ҳақ тўланади-ку, санъаткорлар-чи? Ажратиш бу – мутлақо нотўғри! Профессионал санъаткорлар меҳнатига яраша хизмат ҳақини олиши керак. Унинг тирикчилиги шундан, ахир.

— Шоу-бизнес қачон санъат даражасига етади?

— Жуда жиддий масалаларни ўртага ташлаяпсиз. Масалан, устоз санъаткорлар ўша даражага етиши учун қанча-қанча машаққатли йўлни босиб ўтган. Энг асосий вазифа – ёшлар фақат ва фақат ўқиши керак. Худо берган истеъдоднинг ўзигагина ишониб қолиб бўлмайди. Сира ёдимдан чиқмайди, акам Ботир Зокировга “Ака, оркестрнинг раҳбарисиз, мен ҳам оркестр жўрлигида қўшиқ куйлай”, деганимда, “Ука, ўпкангизни босиб олинг! Бу шарафга эга бўлиш учун аввал муносиб бўлиш керак”, деган. Тўғри, ўшанда ранжи­ган­ман, лекин ақлимни танигач, ўз вақтида тўғри берилган танбеҳдан хурсанд бўлганман.

— Бугун жонли ижрода концерт бериш қаҳ­рамонлик бўлиб қолди. Хонандалар касбий вазифасини тушуниб етиши учун “Истиқлол” санъ­ат саройини уларга бўшатиб бермаслик юзасидан қатъий чоралар белгилаш ўринли эмасми?

— Тўғри, ўринли. Лекин асосий муаммо бунда эмас, назаримда. Масаланинг иккинчи тарафи, танлов концертга борадиган томошабиннинг ўз қўлида. Концерт зал тўлмаса, ўша “хонанда”лар ўз-ўзидан ғал­вирдан тушиб қолаверади.

Бироқ бу масала ҳам моддий манфаатга бориб тақалади. Бу эса ёш хонандаларда “Юлдуз Усмонова, Насиба Абдуллаева каби устоз санъаткорлар даражасига етсам, шу концерт залда қўшиқ куйласам”, деган интилишни йўқотиб қўйяпти. Бу жараёнда ёш ижрочилар кимнинг авлоди экани ҳақида фикрласин. Шундагина савия учун ҳаракат ўзгача бўлади ва паст даражада юришни ўзига эп кўрмайди. Йўқса ривожланишдан анча йиллар ортда қоламиз.

— Эстрада йўналиши 50 фоиз санъат билимини эгалламаганлар билан тўлгани ҳам ҳеч кимга сир эмас. Бу жараённи тўғрилашда сизнинг хизматингиз қандай бўлади?

— Тўғри, жамоат ишларини зиммамизга олишимиз керак. Прези­дентимизнинг эътиборига яраша жавоб қайтаришимиз лозим, ахир қарс икки қўлдан чиқади. Президентимиз тўғри таъкидладилар, бугун амалда ишламасак, эртага кеч бўлади. Иккита катта байрам тадбирларини ўтказиб олдик, энди аниқ режалар билан ишлашга киришамиз.

— Юртбошимиз ўз таж­рибасидан келиб чиқиб, катта байрамларни ўтказишда хунобни чиқарадиган эстрада дастури эканини айтдилар. “Ўзбекконцерт”даги йиғилишда ҳам маданият вазири “Шарқ тароналари” ва Мустақиллик байрамини ўтказишда “пичоққа илинадиган” эстрада хонандаларини тополмаганини очиқ айтди. Унвонларга эга, бироқ байрам учун иккитагина қўшиқ тақдим этолмайдиган хонандаларга кескин чоралар қўллашнинг аллақачон вақти келмадимикан?

— Ижод бу – дурадгорлик эмас-да, у ер-бу ерини тўғрилаб тақдим қилинса. Тўғри, ҳафсала, масъулият бўлиши керак. Лекин ижод гоҳ бир кечада, гоҳ йиллар давомида тайёр бўладиган соҳада. Агар яхши рағбат, гонорар эълон қилишса, балки шунга қараб интилиш бўлар.

— Йиғилишда “халқ артисти” деган унвонга эга бўлиш учун ижодкор неча ўн йиллар самарали ижод қилиши талаб этилгани хусусида сўз юритилди. Ўзбекистон халқ артистлари Фаррух Зокиров ҳамда Гулсанам Мамазои­това, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Кумуш Раззоқова ва Дилноза Исмияминова. Бир вақтнинг ўзида етти давлатнинг халқ артисти сифатида қулоққа қандай эшитиляпти, ҳазм қилиш қийин эмасми?

— Қийин савол. Биласизми, бу ҳолатни ижодий омад, десак ўринли бўларди. Истеъдод ёш билан белгиланмаса керак, назаримда. Лекин бу юксак унвонлар қадрини кўтариш учун муносиб хизмат қилиб қўйиш керак. Президентимиз ҳам бежиз устоз санъаткор Таваккал Қодировни мисол келтирмадилар-ку.

— Эфирга берилаётган Ғарбга тақлид сезилиб турадиган “ижод намуналари”ни кўриб, телевизорни ўчириб қўя қо­ла­сизми ё ўша хонандага қўнғироқ қилиб танбеҳ берасизми? Зеро, Президентимиз 15–20 йилдан кейин Ўзбекистоннинг маданий ривожланиши қандай кечиши, уни қандай кучайтириш мумкинлиги хусусидаги одилона саволлар биринчи навбатда, халқимизнинг энг илғор вакиллари бўлган ижод аҳлини ўйлантириши зарурлигини бежиз таъкидламадилар.

— Хунобим ошишини асти сўраманг... Биласизми, танбеҳни кимдир тўғри қабул қилади, бошқаси ҳасадга йўяди. Асосий вазифа – умумий даражани кўтариш шарт! Бачканалик, Ғарбдан кўр-кўрона кўчириш ўзбек санъатига ярашмайди. Узоқ­қа бормайлик, “The Cover up” кўрсатувига ўзбекона “Марди майдон”га ўхшаш ном топилмайдими?! Бу кўрсатувнинг мусиқа муҳаррири йўқлигини билгач эса даҳшатга тушдим. Тасаввур қилинг, суд бўляпти, лекин судья ва прокурор йўқ, дегандек гапда бу. Бундай жараёнларда талабларимиз ўзгариши шарт!

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА суҳбатлашди

    Бошқа янгиликлар