АсосийJamiyat

​ПРЕЗИДЕНТ ҚАРОРИ БИЛАН КИТОБХОНЛИК МАДАНИЯТИНИ ОШИРИШ БЎЙИЧА ДАСТУР ТАСДИҚЛАНДИ

'​ПРЕЗИДЕНТ ҚАРОРИ БИЛАН КИТОБХОНЛИК МАДАНИЯТИНИ ОШИРИШ БЎЙИЧА ДАСТУР ТАСДИҚЛАНДИ'ning rasmi

Ўзбекистон Республикаси Президенти “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида” қарор имзолади.

Ушбу қарор доирасида китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

Дастурда кўзда тутилган қуйидаги асосий вазифаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилсин:

китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш, ноширлик ва матбаа соҳаларини янада ривожлантиришга оид норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган китобларни, айниқса, болаларга мўлжалланган адабиётларни чоп этишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш;

китоб маҳсулотлари бўйича давлат буюртмасининг асосий йўналишларини шакллантириш, адабий-бадиий, ўқув-услубий, илмий-назарий, илмий-оммабоп ва кўргазмали адабиётларни чоп этиш ва тарқатиш тизимини такомиллаштириш, ихтисослаштирилган китоб дўконлари фаолиятини ривожлантириш;

жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини ўзбек тилига таржима қилиш бўйича давлат буюртмалари бериш, уларни зарур нусхаларда юксак сифат билан нашр этиш ва молиялаштириш тизимини йўлга қўйиш, китоб тарқатиш тизимини янада ривожлантириш ва китоб маҳсулотларининг нархини шакллантириш ва сотиш бўйича аниқ механизмларни ишлаб чиқиш чораларини белгилаш;

ахборот-кутубхона фаолиятини кучайтириш, таълим муассасалари ахборот-ресурс марказларининг кутубхона фондлари, кутубхоналар, ташкилот ва муассасаларнинг “Маънавият хоналари”ни ўқув-услубий, техник адабиётлар, адабий-бадиий, маърифий ва илмий-оммабоп китоблар билан бойитиш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш;

нашриётлар ва матбаа соҳаси мутахассисларини, бадиий ва техник муҳаррирлар, графикачи рассомлар, ахборот-кутубхона ходимларини тайёрлаш, малакасини ошириш ва рағбатлантириш тизимини такомиллаштириш;

лотин ёзувига асосланган янги ўзбек алифбосидаги илмий-техник, адабий-бадиий ва энциклопедик адабиётларни янада кўпайтириш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиш;

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ва ахборот-кутубхона марказларидаги барча турдаги ахборот-кутубхона ресурсларининг ягона базасини шакллантириш ва ундан бошқа ахборот-кутубхона муассасаларида туриб фойдаланишни таъминлаш;

қишлоқ аҳолисига кутубхона хизмати кўрсатиш тизимини ташкил этиш чоралари тўғрисида тадбирлар режаси лойиҳасини тайёрлаш ва амалга ошириш;

мамлакатимизда интернет орқали зарур адабиётларни топиш ва харид қилиш имконини берадиган eReader электрон ўқув қурилмаларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш, уларнинг ахборот базасига умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари, олий ўқув юртлари учун дарсликлар, ўқув қўлланмалари, ўқув-услубий, илмий-назарий манбаларни жойлаштириш, бундай маҳсулотларни арзон нархларда сотиб олиш механизмларини йўлга қўйиш бўйича таклифлар тайёрлаш;

мазмунан саёз, миллий маънавият ва қадриятларимизга, ахлоқ меъёрларига мос келмайдиган, ёшлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган адабиётларни тайёрлаш, босиб чиқариш ва тарқатишнинг олдини олиш чораларини кўриш;

китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини оширишга доир тарғибот ишларини тизимли ва самарали ташкил этиш, бу борада китобхонлар, кутубхоначи ва тарғиботчилар ўртасида “Энг китобхон мактаб”, “Энг китобхон маҳалла”, “Энг китобхон оила”, “Энг фаол кутубхоначи” каби кўрик-танловларнинг саралаш ва республика босқичларини юқори савияда ўтказишни йўлга қўйиш.

Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини такомиллаштириш ҳамда ахборот-кутубхона фаолияти соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи этиб белгиланди.

Қарорнинг тўлиқ матни ЎзАда эълон қилинди.

Бошқа янгиликлар