Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманида
“Тараққиёт стратегияси” маркази ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи
ҳамкорлигида ёшлар илмий экспедицияси ўтказилади. Экспедициянинг
25 аъзоси 17-20 сентябрь кунлари Оролбўйи
ҳудудида истиқомат қилиб, ҳақиқий ҳолат билан яқиндан танишади.
Экспедиция давомида ёш олимлар (эколог, шифокор, геолог, биолог),
гид-экскурсоводлар, ёш журналист ва блогерлар гуруҳларига бўлинган ҳолда
тегишли вазифаларни амалга оширадилар. Якунда ҳар бир гуруҳ томонидан келгусида
ҳудуд ривожи учун хизмат қиладиган лойиҳа ёки маҳсулот тақдим этилади. Ҳар бир
гуруҳга тажрибали эксперт ҳамроҳлик қилади.
Лойиҳа Орол фожиасининг бугунги кундаги ҳолатига кенг жамоатчилик эътиборини
қаратиш, биология, геология, экология йўналишларида илмий-тадқиқот олиб
бораётган ёшларни қўллаб-қувватлаш ва касбга бўлган қизиқишларини янада
оширишга қаратилган. Шунингдек, экспедиция орқали ҳудудга туристлар оқими,
айниқса, ёшлар ва экстремал туризм йўналишларида хорижлик меҳмонларни жалб
қилиш кўзда тутилган.
Ҳаракатлар стратегиясининг “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”
Давлат дастурида Орол фожиаси оқибатларини бартараф этишнинг самарали йўлларини
ишлаб чиқиш, ушбу ҳудудда юзага келган экологик муаммоларни ҳал этишнинг
таъсирчан механизмларини яратиш ва амалга ошириш сингари тадбирлар
белгиланган.