Ўзбекистонлик ҳожиларимизнинг сўнгги гуруҳлари ҳаж амалларини тўла-тўкис амалга ошириб, соғ-саломат ватанимизга қайтиб келдилар.
Ҳожиларимизни Тошкент халқаро аэропортида 24 сентябрь куни Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда бошқа мутасадди ташкилотлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳи кутиб олдилар.
“Ҳаж-2017” мавсумини намунали ташкил этиш ишлари ПФ-3793-сон Фармон асосида тузилган “Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича Жамоатчилик кенгаши ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари асосида амалга оширилди.
Макка шаҳридаги меҳмонхонада зиёратчилар билан кунлик маънавий-маърифий учрашувлар, суҳбатлар ўтказилди. Учрашувларда юртимиздаги ислоҳотлар, миллий ва диний қадриятларимиз, ҳажнинг ташкилий жиҳатлари, хавфсизик чоралари, ҳаж ва умрага тегишли фатволар ҳамда шифокорлар томонидан шахсий гигиенага тегишли қоидалар тушунтириб борилди.
Ҳаж мавсуми даврида зиёратчиларни Ҳаж вазирлиги мутасаддилари ва ўзбекистон ишчи гуруҳи ҳамкорлигида муқаддас жойлар: Мино, Арофат, Муздалифа ва Жамаротга кўчириш тадбирлари юқори савияда, уюшган ҳамда қисқа муддатларда ташкил этилди. Ўзбекистон ҳожиларига ажратилган махсус жойларда зиёратчиларимиз ибодатларини эркин амалга оширишлари учун ишчи, шифокор ва ошпазлар гуруҳи томонидан барча қулайликлар яратиб берилди.
Арафот водийсида Қурбон ҳайити арафасида ҳожиларимиз юртимиз тараққиёти ва элимиз фаровонлигини сўраб дуолар қилдилар. Президентимиз ва халқимизга Қурбон ҳайити табриги йўлланди.
Қувонарлиси, бу йилги ҳаж мавсумида “Нуроний” жамғармаси таклифига ҳамда Раҳбарият кўрсатмасига биноан 72 нафар Иккинчи жахон уруши қатнашчилари имтиёзли равишда ҳаж амаларини бажардилар.
Уруш фахрийларига ҳаж амаларини эмин-эркин, бекаму-кўст бажаришари учун Мадина ва Макка шаҳарларида Мино, Арафот ва Муздалифа водийларида барча қулай шароитлар яратиб берилди. Фахрийларимиз учун Макка шаҳридаги меҳмонхонада байрам тадбири уюштирилди ва уларга тури хил эсдалик совғалар улашилди. Фахрийларимиз бундан жуда хурсанд бўлдилар ва Президентимиз ҳамда ҳукуматимизга шундай шароитларни яратиб берганликлари учун миннатдорчилик изҳор қилиб, дуолар қидилар. Ушбу тадбир Саудиянинг оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилди.
Зиёратдан қайтган фуқароларимиз яратиб берилган шароитлар учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ва ҳукумат номига миннатдорчиликлар билдириб, Юртимиз равнақи янада ривожланишини тилаб дуолар қилдилар, дея хабар қилади Дин ишлари бўйича қўмита Ахборот хизмати.