Миллий матбуот марказида "Ўзбекгидроэнерго" акциядорлик жамияти томонидан матбуот анжумани ўтказилди.
Тадбирда мамлакатимиз электростанцияларида бир йилда ишлаб чиқарилаётган қарийб 60 миллиард киловатт соат миқдордаги электр энергиясининг 6,5 миллиард киловатт соати гидроэлектростанциялар ҳиссасига тўғри келиши таъкидланди. Ҳозир бу кўрсаткични янада ошириш орқали табиий, экологик тоза, арзон ва қайта тикланувчи энергия манбаидан фойдаланишни кенгайтириш чоралари кўрилмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 18 майдаги "Ўзбекгидроэнерго" акциядорлик жамиятини ташкил этиш тўғрисида»ги фармони мавжуд гидроэлектростанциялардан самарали ва хавфсиз фойдаланиш, Ўзбекистонда ягона гидроэнергетика тизимини яратишда янги имконият эшикларини очди.
“Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти бошқарма бошлиғи Ҳабибулло Азизовнинг маълум қилишича, гидроэнергия улушини иқтисодиётда кўпайтириш мақсадида 18 та гидростанцияда таъмирлаш ишлари бошлаб юборилди. Янги қувватларни ишга тушириш мақсадида юртимизда биринчи марта пилот лойиҳа асосида микро ГЭСлар қуриш бошланди. Катта Фарғона каналида, Туямўйин сув омбори, Қамчиқ дарёси бўйидаги ихчам ГЭСлар шулар сирасидандир.






