Ўзбекистон Президентининг “Олий таълим муассасаларига кириш учун номзодларни мақсадли тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Ушбу қарор билан ўқув-методик ва моддий-техника базаси талабга жавоб бермайдиган, олий таълим муассасаларидан узоқда жойлашган, таълим сифати ва олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичлари паст бўлган 37 та академик лицейга 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб ўқувчиларни қабул қилиш тўхтатилади ва 2019 йил 1 сентябридан уларнинг фаолияти тугатилади.
Юқори илмий ва педагогик салоҳиятга, зарур моддий-техник базага эга 68 та академик лицей олий таълим муассасалари тасарруфига ўтказилади.
Қабул тўхтатиладиган академик лицейларнинг 2- ва 3-босқич ўқувчилари таълимни амалдаги ўқув дастурлари бўйича якунлайди ва давлат намунасидаги академик лицей битирувчиси дипломини олади.
Фаолияти тугатилаётган академик лицейлар педагог-ходимларининг бандлигини таъминлаш мақсадида уларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш Олий таълим муассасалари педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш минтақавий марказларида амалга оширилади.
2017/2018 ўқув йилидан бошлаб академик лицейларда ўқиш муддати 2 йил этиб белгиланди ва эндиликда уларга ўқув-методик жиҳатдан раҳбарликни Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги амалга оширади.
Қарорнинг тўлиқ матни ЎзАда эълон қилинди.