1

СОВҒА+СОВҒА=СЕВГИ?!

СУҒДИЁНА 28.09.2017, 13:57
Теглар: Психология
СОВҒА+СОВҒА=СЕВГИ?!

Муҳаббат совға-салом билан ўлчанмайди. Туҳфалар туйғуларни изҳор қилиш учун бир восита сифатида хизмат қилиши мумкин. Бугун «кундалиги»мизда ушбу мавзуни муҳокама қиламиз.

«Гулини олсам...»

Ҳамон эсимда, синфдош йигитлардан бири қўлида бир даста қип-қизил атиргул кўтариб келаётганини уч қаватли мактаб деразасидан ҳамма ҳайрат билан кузатган. Воқеалар ривожи қандай бўлишини кўриш учун коридорга ёпирилиб чиққанмиз. Мактабимизнинг энг романтик йигитининг ҳушини ўғирлаган қиз эса гулларни чанг босиб ётган полга улоқтирган. Эҳ!

Ёшликда бу каби ҳолатлар кўп кузатилади, Қизларнинг уялиши, тортиниши, гап-сўзлардан қўрқиши ёки йигитни, ҳатто, ёмон кўриши сабаб совғаларни рад этиши бор гап. Биз йигитнинг совғасини қабул қилинг ёки олманг, демаймиз. Туйғуларингиз, феъл-таворингиз ўзингизга аён. Аммо бир қоидага амал этинг: не бўлганда ҳам, йигит кишининг туҳфасини оёқости қилманг! Айниқса, ошкора тарзда. Бу йигитнинг, айниқса, ўсмир ёшдаги ўғил боланинг кўнглини қаттиқ синдиради. Туҳфаларни эсдалик сифатида қабул қилинг. Сизни ҳақиқатда севган йигит нари борса, «Яхши кўрмас экансан, совғамни нега олдинг?» дея Жасур Умировга ўхшаб араз-гина қилар.

«Жанжаллашиб қолсак...»

Бу ғўр ёшликнинг бебошликлари кўп-да. Бугун севгани билан ўрталарида гап қочиб қолса, эртасига совға-саломини қайтариб берадиганлар ҳам топилади. Айниқса, қизлар! Шошманг! Муҳаббатингиз чин бўлса, ришталарни бутунлай узишга ошиқманг. Совға дегани бу икки ўртада сарсон бўладиган нарса эмас. Уларни асраш туйғуларингизни асрашингиздан далолат беради.

Бу борада йигитлар масаласи эса бироз жиддий. Сизнинг туҳфангизни ўзгасига тортиқ этадиган, берган совғасини миннат қиладиган ёки «Орамиз очиқ», дея қайтариб оладиган йигитлардан 1000 км. узоқда юринг! Ҳамма нарсани пул билан ўлчайдиган одам туйғуларингизни қадрлаши амримаҳол.

«Совғаларга кўмаман сизни...»

Айрим қизлар идеалидаги йигитни совғалари билан ўзига ипсиз боғламоқчи бўлишади. Кимга қанақа билмадик-у, аммо кўнгил нарса-буюм билан забт этилмайди. Тўғри, қизлар совғага эътибор белгиси сифатида қарашади. Йигитларнинг эса бу борада фикрлари бошқача. Бу уларнинг сизга бўлган муносабатини енгиллаштириши ҳам мумкин. Шу сабаб меъёрни билинг.

«Кўнгил қўйганим қурумсоқ...»

Яна бир тоифа қизлар борки, севгани ҳар байрамда нимадир туҳфа айламаса, кўнгли чўкиб кетади. Қизларжонлар, агар йигитнинг муносабатини унинг совғаларига қараб баҳолаётган бўлсангиз, туйғуларингиз ҳақида яхшилаб ўйлаб кўринг. Ахир асл муҳаббат қиссасида таъмага ўрин йўқ.

Танлашни билинг

Модомики, йигитингизга нимадир туҳфа этишни дилингизга туккан бўлсангиз, танловда жуда ақлли бўлинг. Унинг феъл-атвори, касб-кори, нимага зарурати борлигини инобатга олинг. Юмшоқ ўйинчоқлар, катта шаҳарлар шаклидаги сувенирлар биз — содда қизларни хушнуд этиши мумкин. Йигитлар эса ўзингизга маълум, аниқликни хуш кўришади. Айниқса, меҳрингизни қўлларингиз билан совғага кўчирсангиз (шарф тўқирсиз), еттинчи осмонларга учиб кетади. Яна берган совғангиз сизнинг келажакда қандай бека бўлишингиздан ҳам далолат беради.

Хонамнинг деразасига қўлда чизилган икки пингвин сурати ёпиштирилган. Улар биринчи муҳаббатимнинг ўчмас изи гўё. Гуллар сўлди, соатлар синди, юмшоқ ўйинчоқларни жиянларим аллақачон хомталаш қилди. Пингвинчалар эса йилларга ҳам, айро йўлларга ҳам таслим бўлмади.

Сизга тақдир чиройли ва абадий муҳаббат туҳфа этишини тилаб қоламан.

ДУГОНАНГИЗ.

Манба: «Sug'diyona» газетаси

Шарҳлар

БОЛАНИ ОЗОДАЛИККА ЎРГАТАМИЗ

21.12.2017, 18:34

Қани энди болангиз сизни ҳеч жавратмай ўзи юз-қўлини, тишларини ювса, ётган ўрнини йиғиштирса... Бу аксар ота-оналар учун бир орзудек. Аслида, болани озодаликка ўргатиш қийин иш...
АРАЗЧИ БОЛАНИ ҚАНДАЙ ТАРБИЯЛАШ КЕРАК?

21.12.2017, 18:21

— 10 ёшли қизим жуда аразчи. Сал гапга йиғлайди, хафа бўлади, овқат емай қўяди. Уни кўп эркалатишга ҳам қўрқаман. Қандай муносабатда бўлишга ҳайронман… Саида, Зангиота...
БОЛАГА НИМА СОВҒА ҚИЛИШ МУМКИН?

21.12.2017, 18:16

Жиянлар, дугоналарнинг, қўшнилар ва танишларнинг фарзандларига совға танлаётиб, чалкашиб кетмаслик учун болаларнинг ёшини инобатга олинг. Масалан: 1-2 ёшли болакайлар қўғирчоқлар, юмшоқ ўйинчоқлар, кубиклар, суратли китоблар,...
ЯНГИ ЙИЛНИ НИШОНЛАШ СЦЕНАРИЙСИ

21.12.2017, 18:16

Янги йил — нафақат болалар, ҳатто катталар ҳам ниятлари ижобат бўлишига ишонадиган эртакмонанд байрам. Лекин у айниқса болажонларга катта қувонч улашади. Ахир бу кунда улар...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1