03.12.2013 15:35
Карзай қор туфайли сайловларни бошқа кунга кўчиришни таклиф этди
Бу ҳақда мамлакат мустақил сайлов комиссиясининг раҳбари Юсуф Нуристонийнинг баёнотига таянган ҳолда “Reuters” агентлиги хабар беради
Нуристонийнинг сўзларига кўра, Карзай унга қор туфайли йўлларнинг бир қисми ёпилгани боис кўп сонли шикоятлар келиб тушаётгани сабабли сайловларни кўчиришни таклиф этган. Мамлакат шимолидаги об-ҳаво шароитлари овоз бериш ишларини ташкил этувчиларда ҳам хавотир уйғотмоқда.
Бироқ Нуристоний президентга сайловлар санаси ва вақтини ўзгартириш мумкин эмаслигини, чунки улар конституцияда аниқ белгилаб қўйилганини тушунтирган. Овоз бериш ишларини кўчириш учун ваколат президентда ҳам, комиссияда ҳам йўқ.
Қайд этиб ўтамиз, Ҳамид Карзайнинг ўзи ўз номзодини янги муддатга илгари сура олмайди. Шунга қарамасдан, сайловларда президент ўзининг укаси Қаюм Карзайни қўллаб-қувватлаши
кутилмоқда.
Шунингдек, Афғонистондаги сайловлар АҚШ учун ҳам жуда муҳим. Аввало, улар 2001 йили
мамлакатга иттифоқчи қўшинлар олиб кирилганидан буён демократик тарзда ўтказиладиган биринчи сайловлар бўлади. Бундан ташқари, Карзай сайловлар баҳонасида Афғонистон-Америка икки томонлама келишувини имзолашдан бош тортган эди. Ўшанда у шартнома имзоланишини 2014 йил апрелига қадар кечиктириш кераклигини билдирган.
Қайд этиб ўтамиз, икки томонлама келишув АҚШ қўшинларининг бир қисми 2024 йилгача Афғонистонда қандай шартларда қолишини белгилаши лозим (Америка қўшинларининг асосий кучлари мамлакатдан 2014 йил охиригача олиб чиқилиши керак). Шартнома лойиҳасига кўра, Америка ҳарбийларига маҳаллий қонунлардан иммунитет ва фавқулодда вазиятларда хусусий ҳудудларга кириш ҳуқуқи тақдим этилиши лозим. Шунингдек, битим Афғон ҳукуматига кўп миллиардли ёрдам кўрсатилишини ҳам кўзда тутади.