1

Ёнғин хавфсизлигига эътиборсиз раҳбарлар 71 млн. сўм жарима тўлашди

ЖАМИЯТ 06.12.2013, 11:47
Ёнғин хавфсизлигига эътиборсиз раҳбарлар 71 млн. сўм жарима тўлашди
Мамлакатимизда ўтказилаётган «Ёнғин хавфсизлиги ойлиги»нинг дастлабки ўн кунлиги якунига етди.

Тадбир давомида асосий эътибор профилактик ишларга қаратилиб, кенг аҳоли, ишчи-хизматчилар ва талабаларга ёнғин хавфсизлиги қоидаларига амал қилиш лозимлиги тушунтириб борилмоқда, дея хабар беради Ўзбекистон республикаси Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

Ойлик бошланганидан буён республикамиздаги 890 тадан ортиқ корхона, ташкилот ва хўжаликларнинг ёнғинга қарши ҳолати текшириб чиқилди. Ишчи хизматчилар билан 860 дан ортиқ учрашувлар ўтказилди.

Ёнғин хавфсизлиги талабларини бузган раҳбар ва жавобгар шахсларга нисбатан 71 млн. сўмдан ортиқ миқдорда жарима солинди.  Ёнғин чиқиш хавфи бўлган корхона, цех ва омборхоналарнинг фаолияти вақтинча тўхтатилди. Шунингдек, носоз электр мослама, агрегат ва электр тармоқлардан фойдаланиш тақиқланди. Булардан ташқари, ҳарбийлаштирилган ёнғин хавфсизлиги қисмлари томонидан хизмат кўрсатиладиган ўта муҳим ва тоифаланган объектларда текширишлар ўтказилиб, тегишли йўриқномалар берилди. Кўнгилли ёнғин ўчириш гуруҳлари иштирокида машғулотлар ўтказилди.

Ёнғинларнинг асосий қисми фуқаролар хонадонларига тўғри келаётгани инобатга олиниб, турар жойлар, кўп қаватли уйларнинг ёнғинга қарши ҳолати, чордоқ ва ертўлалари текшириб чиқилди. Маҳаллалар ва уй-жой мулкдорлари ширкатлари ҳудудида аниқланган ноқонуний қурилишларга барҳам берилиб, сунъий тўсиқлар олиб ташланди. Газ ва электр қувватидан нотўғри фойдаланаётган фуқаролар ҳам аниқланиб, ёнғин хавфсизлиги қоида ва талабларини қўпол равишда бузган етти киши кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилинди.
 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1