ЎЗБЕКИСТОНЛИК РАЗВЕДКАЧИЛАР ХАЛҚАРО ТАНЛОВДА ФАХРЛИ ЎРИННИ ҚЎЛГА КИРИТИШДИ

ЖАМИЯТ 20.10.2017, 12:09
ЎЗБЕКИСТОНЛИК РАЗВЕДКАЧИЛАР ХАЛҚАРО ТАНЛОВДА ФАХРЛИ ЎРИННИ ҚЎЛГА КИРИТИШДИ

Жорий йилнинг 10-17 октябрь кунлари Буюк Британиянинг Брэкон шаҳрида қўшин разведкачилари ўртасида бўлиб ўтган “Кембрия патрули” халқаро танловида Ўзбекистон вакиллари ҳам муносиб иштирок этишди.

Мазкур мусобақада 29 мамлакатдан 139 та жамоа қатнашди. Унда мамлакатимиз қўшин разведкачилари билан бирга Арманистон, Бирлашган Араб Амирликлари, Молдова ва Филиппин ҳарбий хизматчилари ҳам илк бор қатнашди.

Қарийб 40 йилдан бери ўтказиб келинаётган “Кембрия патрули” танлови энг қийин ва нуфузли мусобақалар сирасига киради. Танловда ҳарбий хизматчиларнинг жисмоний тайёргарлигига алоҳида эътибор қаратилиши туфайли уни махсус бўлинмаларга қабул қилиш жараёни билан қиёслашади.

Кембрия тоғлари жуда оғир иқлим шароити билан ажралиб туради. Кундузи қуёш деярли кўринмайди, ҳар замон ёмғир шиддат билан ёғади, ҳудуди ботқоқлик ва ўрмондан иборат, ўтишга қийинчилик туғдиради. Шу боис танловда иштирок этаётган кўплаб жамоалар финалга етиб бора олмай, мусобақани тугашидан олдин тарк этишади.

Унда иштирокчилар қурол-аслаҳаларни тақиб, навигация воситаларисиз Кембрия тоғлари бўйлаб етакчилик қобилияти, амалий кўникмаси ҳамда руҳий ва жисмоний қувватини синовдан ўтказиб, 25 кг юк билан 65 км масофага пиёда марш юриш, 1000 метрдан юқори баландликлар ва 750 метр пастликлардан ўтишни амалга оширишди.

Марш юриш давомида ҳар бир жамоа тоғли ва сув тўсиқларидан ўтиш, ҳудуд разведкасини олиб бориш, шартли душман жойлашган ҳудудни аниқлаш ва уларни йўқ қилиш бўйича ўқув-жанговар операцияларни амалга ошириш, шартли ярадорларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, ноқонуний кучлар томонидан гаровга олинганларни озод этиш, мураккаб тоғли ҳудудларда пистирмаларни ташкил этиш каби вазифаларни бажарди.

Танловнинг якунига кўра Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги қўшин разведкачиларидан иборат жамоа, биринчи бор мазкур мусобақада иштирок этишига қарамай, Италия жамоаси билан бирга фахрли иккинчи ўринни қўлга киритди (танлов шартига кўра ҳар бир совринли ўрин иккита жамоага берилади). Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Шоҳсупанинг энг юқори поғонаси ва учинчи ўрин 111 та жамоа билан иштирок этган Буюк Британия ҳарбийларига насиб этди.

Танловнинг ғолиб ва совриндорлари ташкилотчилар томонидан эсдалик медаллари ва фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Мудофа вазирлиги қўшин разведкачиларининг бу муваффақияти биринчиси эмас. Ундан олдин улар жорий йилнинг 29 июль – 12 август кунлари Новосибирск шаҳрида (Россия) бўлиб ўтган III Халқаро армия ўйинлари дастуридан ўрин олган “Қўшин разведкаси аълочилари” танловида (Россия Федерацияси ва Хитой Халқ Республикасидан кейин) учинчи ўринга сазовор бўлишган эди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1