1

​ЭНДИ ТИББИЁТ ХОДИМИ ИШИГА ХАЛҚИМИЗ БАҲО БЕРАДИ

ЖАМИЯТ 21.10.2017, 10:20
​ЭНДИ ТИББИЁТ ХОДИМИ ИШИГА ХАЛҚИМИЗ БАҲО БЕРАДИ

Маълумки, шу йилнинг 18 октябрь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида соғлиқни сақлаш тизимини янада такомиллаштириш, тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, сифатли дори-дармон билан таъминлаш борасидаги ислоҳотлар таҳлилига бағишланган йиғилиш ўтказилди.

Учрашувда давлатимиз раҳбари оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, шошилинч тиббий ёрдамни такомиллаштириш, бирламчи тиббиёт тизимини янада яхшилаш, аҳолини сифатли ва арзон дори-дармон воситалари билан таъминлаш, хусусий сектор ва ихтисослаштирилган тиббий ёрдамни ривожлантириш борасида ҳал этилиши лозим бўлган масалаларни кўндаланг қўйиб, топшириқлар берди.

Шу муносабат билан, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг навбатдан ташқари Ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири, Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш Бош бошқармаси ва вилоятлар Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиқлари, Республика тасарруфидаги даволаш-профилактика муассасаси раҳбарлари, илмий текшириш институтлари ҳамда ихтисослаштирилган тиббиёт марказ директорлари иштирок этди.

Йиғилиш соғлиқни сақлаш вазири А.Шадманов раислигида ўтказилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Aхборот хизмати хабар берди.

Давлатимиз раҳбари томонидан кўтарилган масалалар, ўртага ташланган муаммолар ва уларни ҳал етиш чора-тадбирлари, бунда вазирлик тизимидаги ҳар бир раҳбар-ходимнинг жавобгарлиги, масъулияти ҳақида соғлиқни сақлаш вазири А.Шадманов маъруза қилди.

Таъкидланганидек, Президентимизнинг тиббиёт ходимлари билан ўтказган видеоселектор йиғилишлари тизимнинг бугунги ҳолатини таҳлил қилиб, мавжуд масалаларни ҳал этишда, халқимиз саломатлигини янада мустаҳкамлаш йўлида олиб борилаётган саъй-ҳаракатларни янги босқичга олиб чиқишда муҳим бурилиш ясаб бермоқда. Бугун тиббиёт ходимлари ушбу йиғилишларда белгиланган вазифаларни бекаму кўст адо этиб, халқимизнинг розилигини олиш йўлида хизмат қилмоғи керак.

— Барчамиз гувоҳи бўлиб турибмиз, шу ўтган қисқа вақт ичида президентимиз тиббиёт ходимлари билан 4 маротаба учрашув ўтказди. Ушбу йиғилишларнинг ҳар бирида барчамизни ўйлантираётган, халқимизнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган долзарб масалалар кўтарилди, — дейди соғлиқни сақлаш вазири А.Шадманов. — Хусусан, куни кеча бўлиб ўтган йиғилиш олиб борилган ислоҳотлар ва уларнинг таҳлилига бағишланди. Тўғри, ҳаракатларимиз натижасиз кетмади. Халқимизнинг саломатлик кўрсаткичларида ишимиз самараси кўринмоқда. Аммо энди хонада ўтириб, ҳисобот ва рақамларга таяниб иш кўришимиз мумкин эмас. Бундай ишлаш мезони халқни қониқтирмайди. Фаолиятимизнинг баҳосини халқимиз бериши керак. Мана шу тизим бизнинг ҳақиқий юзимиз — ишимизнинг кўзгуси бўлади.

Ҳайъат йиғилиши давомида мурожаатлар билан ишлаш, ижро интизоми, аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, оналик ва болалик муҳофазаси, тиббиётнинг хусусий секторини ривожлантириш каби масалалар бўйича маърузалар тингланиб, муҳокама қилинди.

Йиғилиш якунида жойларда аҳоли саломатлигини янада яхшилаш, ҳар бир оилага кириб бориш ва мулоқот ўрнатишга қаратилган ишларни тизимли ташкил қилиш борасида муҳим вазифалар белгиланди. Давлатимиз раҳбарининг топшириқларини ўз вақтида бажариш, тиббиёт ходими фаолияти самараси халқ фикри орқали баҳоланадиган тизим шакллантириш, бунда тиббиётнинг барча бўғини, айниқса бирламчи тиббий-санитария хизматига алоҳида эътибор қаратиш таъкидланди.

Мамлакатимизда қабул қилинаётган меъёрий ҳужжатларда белгиланган вазифалар ўз вақтида, сифатли бажарилишида Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги ҳар бир ходим масъулиятни чуқур ҳис этиб, ишлаши лозимлиги, асосий мезон — халқ розилиги экани қайд этилди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1