23 октябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар идоралари ходимлари куни муносабати билан бир гуруҳ ходимларни мукофотлаш тўғрисида фармон имзолади.
Фармонда 35 нафар ходим II даражали «Шон-шараф», «Дўстлик», «Мардлик» орденлари, «Жасорат», «Содиқ хизматлари учун» ҳамда «Шуҳрат» медаллари билан тақдирланган. Тақдирланганлар орасида соҳанинг икки нафар марҳум ходими бор.
Мукофотлар ходимларнинг мамлакатимизда жамоат хавфсизлиги, тинчлик ва барқарорликни таъминлаш борасидаги кўп йиллик фидокорона меҳнати, хизмат бурчини бажариш ва миллий манфаатларимизни ҳимоя қилишда мардлик ва жасорат кўрсатгани ҳамда ёш авлодни она Ватанга садоқат руҳида тарбиялашга қўшган муносиб ҳиссаси учун топширилади.
Мукофотланганлар рўйхати ЎзАда келтирилди.





