1

ТЕЗ КУНЛАРДА КУЗНИНГ ЭНГ КЎП КУТИЛГАН ҲАФТАЛИГИ СТАРТ ОЛАДИ!

МАДАНИЯТ 25.10.2017, 22:25
ТЕЗ КУНЛАРДА КУЗНИНГ ЭНГ КЎП КУТИЛГАН ҲАФТАЛИГИ СТАРТ ОЛАДИ!

14-19 ноябр кунлари Тошкентда кузнинг энг кўп кутилган "Тошкент мода ҳафталиги-2017" ("Tashkent Fashion Week 2017") бўлиб ўтади.

Олти кун давом этадиган фестивал давомида "Миллий либослар", "Тошкент дизайн тақдимотлари" ("Tashkent Fashion Performance") каби кўпгина унутилмас тадбирлар, ёш дизайнерлар ўртасида #beyoung танлови, маҳаллий ва хорижий дизайнерларнинг муаллифлик ишлари тақдим этилади ва улар томонидан мастер-класслар ўтказилади. Шу билан бирга, ўзбек матолари ва амалий санъат объектлари кўргазмаси режалаштирилган.

Фестивал доирасида биринчи марта Ўзбекистоннинг бир гуруҳ дизайнерлари томонидан "Buxoro Brilliant Silk" қўшма корхонаси билан биргаликда ишлаб чиқилган ипак матодан ишланган турли ассортиментдаги кийимларнинг замонавий моделлари тўпламлари тақдим этилади.

Италия элчихонаси билан ҳамкорликда фестивал доирасида Ўзбекистонда биринчи марта "Итальян модасига 60 йил" номли кўргазма бўлиб ўтади.

Италия модалари кўргазмасида эса сиз Roberta di Camerino, Galitzine, Prada, Giorgio Armani, Brioni, Versace ва бошқа халқаро брендларнинг коллекциялари билан танишиш имконига эга бўласиз.

«Tashkent Fashion Week» доирасида эса Италия мода куни ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, унда сиз Antonio Grimaldi, Fulvio Luparia каби брендлар ва яна тўрт нафар Турин мода ҳафталаиги иштирокчиларининг ишлари билан танишасиз.

«Tashkent Fashion Week» фестивалининг меҳмонлари қаторида ташриф буюраётган Франция, Жанубий Корея ва Қирғизистон дизайнерлари ҳам ўз коллекцияларини намойиш этишади.

Мода ҳафталигида жами 850 та тўплам либосларни намойиш этиш режалаштирилган.

Тошкент мода ҳафталигининг асосий ташкилотчиси «Osiyo Ramzi» Ўзбекистон дизайнерлари Ассоцияациясидир. Тадбир шунингдек, "Ўзбексаноат" ассоциацияси, "Ўзбекистон ҳаво йўллари" МАК ва Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи томонидан қўллаб-қувватланмоқда.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1