1

Амнистия асосида озод этилганларнинг кейинги тақдири қандай кечади?

ЖАМИЯТ 10.02.2014, 12:39
Амнистия асосида озод этилганларнинг кейинги тақдири қандай кечади?
Шу кунларда кўплаб юртдошларимиз Конституциямизнинг 21 йиллиги муносабати билан эълон қилинган амнистия асосида жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинмоқда...
 
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси сенатининг Амнистия тўғрисидаги Қарори  ижросини таъминлаш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимининг тегишли  қарори қабул қилинди.

Қарорда асосий эътибор озодликка чиқарилган шахсларга моддий ва маиший жаҳатдан ёрдам кўрсатиш, қисқа муддатларда уларнинг ҳужжатларини тиклаб, яшаш жойларидан рўйхатдан ўтказиш, шунингдек касалликка чалинган шахсларни даволаш муассасаларига жойлаштириш, иш билан таъминлаш, зарур ҳолда қайта касбга ўқитиш, ногирон, нафақа ёшига етган шахсларга ўз вақтида нафақа тайинлаш, вояга етмаганларни ота-оналарининг ёки ҳомийлик органларининг назоратига топшириш, шунингдек, бу тадбирларни амалга оширишда тегишли хизматлар ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини таъминлашга қаратилган.

Тошкент шаҳар ҳокимининг қарорига кўра, ҳар бир туманда ички ишлар, соғлиқни сақлаш идоралари ҳамда ижтимоий мослашиш маркази масъул ходимларидан иборат ишчи гуруҳлари тузилди. Улар томонидан озод этилган ҳар бир шахс рўйхатга олиниб, белгиланган вазифалар юзасидан тегишли ишлар амалга оширилиб келинмоқда.
 
Ҳабибулла Бекмирзаев:
– 2013 йил 7 декабрь куни амнистияга асосан, жазодан озод қилиниб, ота-онам бағрига қайтдим. Ўшанда онамнинг суюнганини айтмайсизми? Унинг қувончини кўриб жазодан озод этилганим нафақат ўзим учун, балки ота-онам, яқинларим учун ҳам ниҳоятда қувончли воқеа бўлганлигини ҳис этдим.

Уйга қайтгач, Миробод тумани ҳокимлги томонидан ёрдам пули берилди.  Кўп ўтмай Политехника коллежига талабалик сафига яна қайта қабул қилиндим. Шу ўринда Политехника коллежи раҳбари Наргиза Пўлатованинг менга кўрсатган ёрдамини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтишни истардим. Айни пайтда 3-босқич талабасиман. Келажакда Юртбошимизнинг, ота-онамнинг ишончларини оқлаб, эл-юртимга ҳалол меҳнатим билан хизмат қиламан деб ваъда бераман.

Тоҳир Талипов:

— Яқинда амнистия фармони асосида жазодан озод этилдим. Элим, оилам, маҳалладошларим мени кечириб, илиқ кутиб олишди. Ҳамза туман ҳокимияти эса, ўз вақтида ишга жойлашишимга ёрдам берди. Мен ўзимга билдирилган ишончдан, ғамхўрликдан миннатдорман. Ҳамма ҳам хато қилади. Лекин хато қилган одамни кечира олиш, унинг тўғри йўлга тушиб олишига ёрдам бериш фақат мардларга хос фазилатдир. Мен жазони ўташ муассасасида йўл қўйган хатоларим ҳақида кўп ўйладим ва қаттиқ пушаймон бўлдим. Бирдан-бир орзуим-тезроқ озодликка чиқиш ва адашган йўлимни тўғрилаш эди. Фақат менга ишонишса, мени кечиришса бас, дердим. Худога шукр орзуим ушалди. Амнистия шарофати билан муддатдан олдин озод этилдим. Энди оилам, болаларимга бош бўлиш, маҳалла-кўй хизматини қилиш имконига эгаман.

Ботир Абдулазизов:
— Гапларимни баландпарвоз деб билманг. Озодликка чиққан куним дунёга қайта келдим, десам муболаға бўлмайди. Буни боши тошга тегиб, кўзи кеч очилган бир инсон сифатида айтаяпман. Эркинликда, оиланг даврасида соғ-саломат яшашнинг ўзи бир бахт экан. Мана шу бахтга яна эришдим. У ёқдан келишим билан давлатимиз томонидан ажратилган моддий ёрдам пули берилди. Кўп ўтмай иш билан таъминландим. Ҳозирда Шайхонтоҳур туманида жойлашган 76-мактабда хўжалик ишчиси бўлиб ишлаяпман. Амнистия фармони асосида жазодан озод қилиниб, яқинларим бағрига эсон-омон қайтганим қилган хатоларимни тузатиш учун берилган имкониятдир. Эндиги вазифам ана шу имкониятдан тўғри фойдаланиб, оилам, халқим олдида юзим ёруғ бўлиши учун хизмат қилишдир.

Эслатиб ўтамиз, Амнистия тўғрисидаги Қарор 11 та банддан иборат. Унинг 1-бандига асосан аёллар, жиноят содир этган вақтда 18 ёшга тўлмаган шахслар, 60 ёшдан ошган эркаклар, чет давлат фуқаролари 8-бандда назарда тутилган чеклашларни ҳисобга олган ҳолда жазодан озод этилади.

Амнистия тўғрисидаги мазкур Қарор узоқ муддатга ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинган; ўта хавфли рецидивист деб топилган; жиноий уюшма таркибида жиноят содир этган; жазони ўташ тартибини мунтазам равишда бузаётган шахсларга; шунингдек, ўлим жазоси афв этиш тартибида озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилган шахсларга нисбатан тадбиқ этилмайди.

Амнистия тўғрисидаги Қарор эълон қилинган кундан, яъни 2013 йил 13 декабрдан кучга кирди ва уч ой мобайнида ижро этилиши лозим.

[right]"Даракчи" газетаси, 2-сон [/right]

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1